Контрафакт товар – чўнтакка фойда, соғлиққа зарар!
Истеъмолчи сифатли товар харид қилишга ҳаракат қилади
Истеъмолчи сифатли товар харид қилишга ҳаракат қилади. Бироқ ҳалол ишлаб чиқарувчиларнинг асл маҳсулотлари номидан фойда олиш истагида бўлган сохта тадбиркорлар ҳалигача аҳолининг соддалигидан фойда кўрмоқда.
Ачинарлиси сифатсиз, токсик материаллардан ишлаб чиқарилган қалбаки маҳсулотлар таркиби ҳақида маълумотлар сохта ҳамда улар давлат стандартидан ўтказилмагани сабабли инсон саломатлиги учун ўта хавфлидир.
Шундай ҳолатлардан бири Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги Интеллектуал мулк ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш бўлими томонидан Тошкент шаҳрида жойлашган савдо комплекслари ва бошқа савдо шохобчаларида кузатув тадбирлари амалга оширилганда аниқланди. Унда Ўзбекистон Республикаси “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги қонун талабларига риоя этилиши бузилган.
Ўрганиш натижасида Олмазор туманида жойлашган “Чорсу” бозори савдо расталарида “The Procter & Gamble Company” (АҚШ) компаниясига тегишли бўлган “head& sholders” товар белгисига адаштириб юбориш даражасида ўхшаш бўлган белгидан қонунга хилоф равишда фойдаланган. Шунингдек, “head& shoolders” ҳамда “Colgate-Palmolive Company” компаниясига тегишли “Palmolive” товар белгисига ўхшаш бўлган “Palinalove” шампунь маҳсулотлари ҳам сотилаётгани маълум бўлди.
– Айрим ҳолларда товар белгисига ўхшаш бўлган контрафакт маҳсулотни сотиб олаётган истеъмолчи уни ўзи аввалдан билган, узоқ вақт мобайнида фойдаланган ва синовидан ўтказган товар ёки унинг янги кўринишини сотиб олганига ишонч ҳосил қилади, – дейди Интеллектуал мулк агентлиги бўлим бошлиғи Фаррух Файзиев. – Бунинг оқибатида истеъмолчи нафақат сифатсиз товарга эга бўлиши ва алданиб қолиши балки, носоғлом рақобат оқибатида ҳақиқий маҳсулот айланмасига зиён етказиши мумкин. Хусусан, ишлаб чиқарувчи компаниянинг молиявий зарар кўриши ва солиқ тушумининг камайишига олиб келади. Контрафакт шампунь маҳсулотларидан фойдаланиши натижасида жуда кўплаб инсонларнинг сочлари, қошлари тўкилгани ёки аллергик тошмалар тошиши натижасида анча вақт соғлиғини тиклаш учун даволаниш ҳолатлари ҳам кузатилган.
Юқорида келтирилган ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекининг тегишли моддасига биноан айбланувчига баённома тузилиб, ҳуқуқбузарликни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.