Контрафакт дори воситалари савдосига чек қўйилди
Бухоро вилоятида аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғдирувчи контрафакт дори воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши қаратилган навбатдаги тезкор тадбир муваффақиятли ўтказилди.
Вилоят божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими томонидан Давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар органлари ҳамда вилоят иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида олдиндан кузатувга олинган шахс қўлга олинди.

Аниқланишича, ушбу шахс харидорга 5 миллион 900 минг сўм эвазига “Метотрексат Эбеве” ва “Иммуноглобулин” номли контрафакт дори воситаларини сотиш жараёнида ашёвий далиллар билан ушланган.

Тадбир давомида гумонланувчининг дорихонаси ҳамда унга тегишли омборхонаси кўздан кечирилди. Текширув натижасида у ерда умумий қиймати қарийб 140 миллион сўмлик, 126 турдаги, жами 982 қути ҳужжатларсиз ва сифати тасдиқланмаган дори воситалари сақланаётгани маълум бўлди.

Мутахассислар таъкидлашича, “Метотрексат Эбеве” асосан онкологик касалликлар, оғир шаклдаги ревматоид артрит ва айрим автоиммун касалликларни даволашда қўлланилади. “Иммуноглобулин” эса инсон организмининг иммун тизимини мустаҳкамлаш ва турли инфекцияларга қарши курашишда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, мазкур дори воситаларининг контрафакт, яъни келиб чиқиши номаълум ва сифати кафолатланмаган турлари инсон ҳаёти ва саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин.
Ҳозир ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири