Контент яратиш маркази иш бошлади
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида 2025 йил июнь ойида меморандум имзоланган эди.
Конрад Аденауэр фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда ижтимоий ривожланиш учун фуқаролик жамиятининг имкониятларини кенгайтириш” лойиҳаси доирасидаги имзоланган мазкур меморандум асосида университет негизида Контент яратиш маркази ташкил этилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда “Юксалиш” ҳаракати вакиллари, Юридик факультети жамоаси ва лойиҳага аъзоликка қабул қилинган талабалар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан университет ректори Бердияр Жоллибеков, “Юксалиш” ҳаракати раисининг биринчи ўринбосари, ижрочи директор Аскар Маматханов ва бошқалар ушбу марказ ёшларнинг медиа саводхонлигини ошириш, замонавий контент яратиш кўникмаларини шакллантириш, ижодий ва инновацион ғояларни қўллаб-қувватлашда муҳим майдон бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

Меҳмонлар университетнинг Юридик факультетида талабалар учун яратилган замонавий шароитлар, таълим жараёнлари ҳамда ёшларнинг таълим олиши ва ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган имкониятлар билан яқиндан танишди.
Ушбу лойиҳа университетда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда уларнинг замонавий медиа маконидаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли эканлиги қайд этилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.