2021 йил халқимиз учун фаровонлик, хотиржамлик ва соғлиқ-омонлик йили бўлиши лозим.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг парламентга Мурожаатномасини эшитар эканман, ана шундай фикрлар қалбимдан мустаҳкам жой эгаллади. Чунки ўтган 2020 йил нафақат бизга, балки дунё афкор оммасига катта ташвишлар, йўқотишлар ва шу билан биргаликда тажрибалар олиб келди. Дунё 2021 йилга бутунлай бошқа қарашлар, муносабатлар ва тушунчалар билан қадам қўймоқда.
Президентимиз айтган бир жумла қалбимдан мустаҳкам жой эгаллади: “Келгуси йилда халқимиз хотиржам бўлиши лозим!”. Хотиржамлик нима ўзи? Кимки, жамиятда тутган ўрнидан, ишидан, ҳаётидан, турмушидан, саломатлигидан, фарзандларидан ва келажагидан кўнгли хотиржам бўлсагина ҳақиқий саодатга эришади. Мурожаатномада инсон омилини юксалтириш бўйича ана шу жиҳатларнинг ҳар бирига алоҳида эътибор қаратилди, десак асло муболаға бўлмайди.
Мурожаатда ҳар бир соҳага, унинг мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлидаги ўрнига алоҳида тўхтаб ўтилди. Мактабгача таълим, умумий ўрта ва олий таълим, ёшларнинг ва алоҳида ўринда қиз болаларнинг ҳар жиҳатдан камолоти, тадбиркорлик субъектларига яратиладиган имтиёзлар, соғлиқни сақлаш муаммолари, ОАВнинг очиқлик-ошкоралик давридаги ўрни ва мавқеини ошириш каби йўналишлар бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Давлат харидлари жамоатчилик ва парламент назорати остида бўлиши, келгуси йилдан банклараро валюта бозори онлайн тизимга ўтказилиши, тадбиркорларга валюта маблағларини банкнинг ўзида сотиб олиш имкониятларининг яратилиши иқтисодий ривожланишга янада ҳисса қўшишига аминмиз.
Бу эса янги иш ўринлари яратилиши, аҳолининг иш билан таъминланиши ва маълум қатламдаги камбағаллик даражаси камайишига шароит яратади. Чунки пандемия даврида юртимиз тадбиркорлари халқ учун жуда катта савоб ишларни амалга оширдики, буни давлатимиз раҳбари ҳам алоҳида эътироф этди.
Дарҳақиқат, пандемия бизга ҳали жуда кўп жабҳаларда муаммолар борлиги ва уларни тезлик билан бартараф этиш лозимлигини кўрсатиб берди. Жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасида давлатимиз томонидан тезкор кўрилган пухта тадбирлар туфайли халқимиз пандемияни енгиб келмоқда.
Бу давлат ва жамият бир бўлсагина улкан ишларни амалга оширишга қодирлигини англатди. Энди аҳоли саломатлиги йўлида бошланган ишларнинг давомийлигини таъминлаш, юқори сифатли вакциналар билан эмлаш, ҳомиладор аёллар, оилаларга, уларда тарбияланаётган болалар, хотин-қизлар ва нуронийлар саломатлигини янада мустаҳкамлаш борасида узоқ истиқбол кўзланган режалар руҳлантириш билан бирга, ҳар биримизнинг дилимизда хотиржамлик туйғуларини уйғотди.
Айниқса, Президентимиз 2021 йилни – Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили, деб эълон қилганда бу туйғулар мустаҳкам ишонч ва мақсадга айланди.
Биз, депутатлар, ҳокимият вакиллари, маҳаллий органлар ишчи-ходимлари, кенг жамоатчилик – барчамиз мазкур вазифаларни амалга оширишда, юртимиз ривожланиши, халқимиз фаравонлиги йўлида ҳиссамизни қўшишимиз, очиқ-ошкоралик даврда нуқсонларга муросасиз бўлишимиз талаб этилишини яхши тушуниб турибмиз. Ҳар бир вазифага виждонан ёндашиб, ҳалол меҳнат қилсак, эл-юрт ишончини қозона олсак, халқимиз ана шундагина хотиржам бўлади ва рози бўлади.
Гулнора АҲМЕДОВА,
халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати