Бухоро вилоятида қурилиш материаллари саноати ривожи, маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Бунга жорий йилнинг 15 май куни Ўзсаноатқурилишбанк ташаббуси билан ташкил этилган пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари яна бир бор гувоҳ бўлди.
Пресс-турда журналистлар Когон шаҳрида гипсокартон ишлаб чиқарувчи “Кончи” масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюришди.
20 млн АҚШ долларилик лойиҳанинг 6,3 млн доллари банк кредитлари ҳисобидан молиялаштирилди. Ускуналар Туркия ва Германиядан келтирилиб ўрнатилди. Бугунги кунда корхона 125 нафар ишчи билан 4 сменали иш режимида фаолият юритмоқда.
Экспортбоп, экологик тоза маҳсулот
Пресс-турда таъкидланганидек, корхона маҳсулотлари халқаро стандартларга жавоб беради. Экологик, токсик моддаларсиз, иссиқлик сақловчи ва шовқин ўтказмас хусусиятларга эга.
У ерда Ўзбекистонда биринчи бўлиб бинонинг фасад қисмига мўлжалланган гипсокартон ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Мамлакатдаги гипсокартон эҳтиёжининг 10 фоизини қопламоқда. Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистон каби давлатларга ҳам экспорт амалга оширилмоқда.
[gallery-23400]
Корхона ҳудудидаги гипс конида хомашё захираси 120 йилга етади. Бу узоқ муддатли ишлаб чиқаришни кафолатлайди.
Умуман лойиҳа маҳаллий хомашёни қайта ишлаш, импорт ўрнини босиш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт ҳажмини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ҳудуднинг қурилиш материаллари ривожидаги ҳиссаси
Пресс-тур доирасида журналистлар иштирокида брифинг ўтказилди. Унда Ўзсаноатқурилишбанк Бухоро вилоятида амалга ошираётган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
2024 йилда вилоятдаги 25 та инвестиция лойиҳасига жами 41,2 млн. доллар маблағ йўналтирилган. Бунинг ҳисобига 880 та янги иш ўрни барпо этилган, 14,3 млн. долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Ушбу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 102,4 фоизга ўсган бўлиб, импорт ҳажми 22 фоизга камайган.
Жорий йилда эса 100 млн. долларлик 22 та янги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Натижада 1 000 га яқин аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлади. Шунингдек, 70 млн. долларлик 4 та йирик лойиҳа 600 нафардан зиёд юртдошимиз учун иш жойини яратиши кутилмоқда.
– Қурилиш материаллари саноатидаги ўсиш ва модернизация жараёнлари вилоятимиздаги мавжуд бой минерал хомашё захиралари билан асосланади, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг Бухоро банк хизматлари офиси раҳбари Аслиддин Ғайбуллаев. – Буни “Кончи” мисолида ҳам кўриш мумкин. Корхонанинг маҳаллий ресурсларга таянган ҳолда ишлаб чиқаришни кенгайтириш, замонавий технологиялар жалб этиш ва экспортбоп маҳсулотлар етказиб бериш имкониятлари юқори.
Ўзсаноатқурилишбанк томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар эса, соҳани ривожлантиришда банк сектори ҳиссасини яққол намоён этмоқда.
Банк ахборот хизмати