Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига коммунал тўловларни суд орқали ундиришда қулайликлар яратишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Халилилло Тўрахўжаев ўз маърузасида қайд этганидек, 2023 йилда кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатувчи бошқарув сервис компаниялари ва ширкатлар томонидан кўрсатилган хизматлар учун фуқароларнинг 561,8 млрд. сўм қарздорлиги вужудга келган. Бугунги кунга қадар мазкур қарздорликнинг 447,4 млрд. сўм қисми (79,7 фоиз) ундирилмаган. Бошқарув сервис компаниялари томонидан судларга 111 миллиард сўмлик қисмини ундириш бўйича аризалар киритилган бўлиб, аммо давлат божи сабабли қарздорликнинг қолган қисмини ундириш юзасидан судга мурожаат қилиш имкони бўлмаган.

Эндиликда кўп квартирали уйларни бошқариш органлари ўзлари томонидан аҳолига кўрсатилган хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги даъволар, аризалар ва шикоятлар билан фуқаролик ишлари бўйича ва иқтисодий судларга мурожаат қилишда давлат божини тўлашдан озод қилиниши таклиф этилмоқда. Судларга асоссиз аризалар киритишнинг олдини олиш мақсадида уларнинг талаблари асоссиз бўлганлиги сабабли судлар томонидан рад этилган тақдирда давлат божи сервис ташкилотларининг ўзлари томонидан тўланиши назарда тутилмоқда.
Қизғин муҳокамалар давомида айрим депутатлар қонун лойиҳаси муҳимлигини, судларга мурожаат қилишда давлат божини тўлашдан озод қилиниши БСКларнинг имкониятини оширишга хизмат қилишини эътироф этган бўлса, айрим халқ вакиллари таклиф этилаётган ўзгартиришлар одамларнинг ҳақли эътирозларини келтириб чиқариши мумкинлигини, қонун лойиҳасига умуман ҳожат йўқлигини қайд этди.
Фикр-мулоҳаза, тортишув ва баҳслардан сўнг қонун лойиҳаси овозга қўйилди ва зарур овозлар сонини тўплай олмагани сабабли рад этилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА