“Кўк гумбазлар нафаси” ижодкорларни бирлаштирди
Халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивали доирасида Самарқанд шаҳридаги Ўсматбой санъат галереясида ёш рассомлар ижодий ишлари кўргазмаси ўтказилди.
Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими ташаббуси билан ташкил этилган кўргазма анъанавий тадбирга айланмоқда. Унда юртимизнинг ўндан ортиқ ёш, маҳоратли рассомларининг ижодий ишлари намойиш этилмоқда.
[gallery-28905]
– Кўргазмада тошкентлик ва самарқандлик ёш рассомлар ўзларининг энг сўнгги ижодий ишлари билан иштирок этмоқда, – дейди кўргазма раҳбари, санъатшунос Мунис Нур. – “Кўк гумбазлар нафаси” кўргазмаси иккинчи бор ўтказилмоқда ва бу анъанавийлик касб этмоқда. Кўргазма номидан шуни англаш мумкинки, биз тасвирий санъат анъаналарини узвий давом эттириб, сафимизни янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз. Айни пайтда Тошкент ва Самарқанд ёш ижодкорларини бирлаштирган кўргазма кейинчалик республикамизнинг бошқа вилоятларида фаолият юритаётган тасвирий санъат ихлосмандларини ўзига жалб қилади, деб ўйлайман. Умуман олганда, кўргазманинг ғояси бугунги мавжуд анъаналарни ёш рассомлар фаолиятида янада сайқаллаб, уларнинг ижодий қобилияти, ички кечинмаларини янги асарларда акс эттиришга қаратилган. Бу тасвирий санъат ривожида ўзига хос ижодий руҳ бағишлайди.
Кўргазма халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивали доирасида ўтказилганлиги боис самарқандлик моҳир кулол, керамика йўналиши устаси Абдували Набиев ҳам ўз ижод намуналари билан иштирок этмоқда. Унинг керамикада яратган нақшинкор безаклари, шунингдек, музейларда сақланаётган бино ва иншоотларнинг қадимий нақшларидан олинган нусха ва кўчирмалари кўргазма иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари