Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири бошчилигидаги ҳукумат делегацияси таркибида бўлган мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими масъулларидан иборат гуруҳ ҳам Жанубий Кореяда бўлиб турибди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъулларидан иборат делегация Корея Республикасига сафарининг дастлабки кунида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг Евроосиё бошқармаси бош директори Чун Чжихен билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мулоқотда таъкидланганидек, KOICA ривожланаётган давлатларга беғараз ёрдам дастурларини амалга оширишда яқиндан кўмаклашиб келмоқда.
Ташкилот хорижий давлатларда 50 га яқин ваколатхонага эга.
Хусусан, 1995 йилда Ўзбекистонда ҳам ўз ваколатхонасини очган. Айни пайтда мамлакатимизда мазкур нуфузли ташкилот билан 9 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу орқали кўплаб мутахассисларимиз, хусусан, тиббиёт ходимлари ҳам Кореяда стажировкада бўлиб қайтмоқда. KOICA лойиҳа ва грантлари иштирокчисига айланяпти.
Жумладан, яқинда пойтахтимиздаги Болалар миллий тиббиёт марказига Сеул миллий университети шифохонасидан бир гуруҳ тиббиёт соҳасидаги мутахассислар ташриф буюриб, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги томонидан марказнинг педиатрия тиббиёт ходимлари салоҳиятини ошириш бўйича тренинглар ва маҳорат дарсларини ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш инфратузилмасини ривожлантириш учун грант дастурлари пакетини кенгайтириш, Тошкент тиббиёт академияси негизида санитария-эпидемиология хизмати ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш тизими ходимларини тайёрлашга қаратилган миллий дастурни амалга ошириш учун ажратилган 15 миллион АҚШ доллари миқдорида грант лойиҳаси ижросини жадаллаштиришга келишиб олинди.
Шунингдек, тиббиёт ходимларининг эпидемиологик тадқиқотлар ўтказиш ва касалликлар тарқалишига жавоб бериш қобилиятини ошириш ҳамда Тошкент тиббиёт академияси негизида замонавий илмий-тадқиқот лабораториясини ўз ичига олган “Инновацион тиббиёт маркази”ни ташкил қилиш лойиҳалари кўриб чиқилди.
Мезбонлар жорий йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Ўзбекистон – Корея халқаро тиббиёт форумида ташкилотчи ҳамкор сифатида қатнашишга таклиф этилди.
М.Қосимова,
ЎзА