Кўчма савдо жойларини “Е-auksion” платформаси орқали ижарага олиш мумкин
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кўчма савдо фаолиятига ахборот технологияларини жорий этиш ва савдо автомати орқали чакана савдо фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига мувофиқ кўчма савдо фаолияти тадбиркорлик субъектлари томонидан кўчма савдо объектларини электрон тарзда “K – SAVDO” автоматлаштирилган ахборот тизимида рўйхатдан ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамасининг “Кўчма савдо фаолиятига замонавий ахборот технологияларини янада кенг жорий этиш ҳамда савдо автомати орқали чакана савдо фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 3 августдаги 485-сон қарорига мувофиқ, кўчма савдо жойи жойлашиш схемалари доирасида “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали электрон онлайн-аукционда сотилади.
Тадбиркорлик субъектига электрон онлайн-аукционда сотиб олинган кўчма савдо жойидан кўпи билан 36 ой муддатга фойдаланиш ҳуқуқи берилади.
Кўчма савдо жойининг бошланғич нархи тегишли туман (шаҳар)даги ер участкасининг ер солиғига тенг.
Аукционда ҳар қандай юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор иштирокчи сифатида қатнашиши мумкин.
Рўйхатдан ўтишда кўрсатилган кўчма савдо объектини жойлаштириш даврининг тугаш санасидан кечиктирмасдан тадбиркорлик субъекти кўчма савдо жойини бўшатиши лозим (узайтирилган ҳолатлар бундан мустасно).
Тегишли савдо жойида кўчма савдо объектини жойлаштириш муддатини икки мартадан ортиқ узайтиришга йўл қўйилмайди (мазкур чеклов савдо автоматларига татбиқ этилмайди). Бунда кўчма савдо субъекти кўчма савдо объектини жойлаштириш муддати тугагунга қадар “K-SAVDO” ААТда кўчма савдо объектини жойлаштириш муддатини узайтириш тўғрисидаги электрон бланкани тўлдириши лозим.

Кўчма савдо объектлари:
электр энергияси ва газ таъминоти билан фақат автоном қурилмалар орқали таъминланади;
Ичимлик сув ва оқова сув тармоқларига уланиш имконияти мавжуд бўлган тақдирда, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибга мувофиқ тадбиркорлик субъектларининг ўз маблағлари ҳисобидан уланади.
Кўчма савдо объекти ихтисослашуви бўйича таъқиқланадиган турлар:
техник жиҳатдан мураккаб маиший маҳсулотлар, тез бузиладиган товарлар, енгил алангаланувчи ва ёнувчи суюқликлар, болалар озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳайвонлар, термик ишлов берилмаган, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хомашёлар, ветеринария дори воситалари, микроорганизмлар штаммлари, озуқалар ва озуқабоп қўшимчалар, акциз солинадиган товарлар, шу жумладан, спиртли ичимликлар, ҳашаротлар ва зараркунандаларни заҳарлашда қўлланиладиган кимёвий моддалар ва заҳарлар, диний мазмундаги материаллар.
“E-auksion.uz” порталида 1 мингдан ортиқ кўчма савдо жойлари билан танишинг.
Ғолиб аукционда тасдиқланган нархни тўлайди ва Давлат солиқ қўмитасидан 36 ой фойдаланиш ҳуқуқини берадиган гувоҳнома олади.
Тўлов аукционда тасдиқланган нарх БҲМнинг 5000 бараваригача бўлса 10 иш кунида, ундан ошиқ бўлса 15 иш кунида тўланиши талаб этилади.
Рўйхатдан ўтказилган кўчма савдо жойини ёки унинг бир қисмини бошқа шахсга фойдаланишга ёки ижарага бериш тақиқланади.
Электрон онлайн-аукционларни
ташкил этиш маркази ДУК PR-хизмати