Америка Қўшма Штатларида футбол бўйича клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичи илк тури якунланди.
Мазкур тур доирасида “А” гуруҳидан ўрин олган “Интер Майами” – “Ал-Аҳли”, “Палмейрас” – “Порту” клублари баҳси бир хил – 0:0 ҳисобидаги дуранг билан якунланди. Шу тариқа, ушбу гуруҳда барча жамоалар 1 очкони қўлга киритди.

“B” гуруҳида “ПСЖ” ҳамда “Ботафого” 3 очко жамғарган ҳолда 1-2-ўринларга жойлашган бўлса, “Сиэтл Саундерс” ҳамда “Атлетико Мадрид” кейинги ўринларда қолди. “С” гуруҳида “Бавария” 3 очко билан биринчи поғонага чиқиб олди. “Бенфика” ва “Бока Хуниорс” 1 очкодан жамғариб, 2-3 ўринни эгаллади. “Окленд Сити” эса сўнгги ўринда қолди.

“D” гуруҳининг илк турида ғалаба қозонган “Фламенго” ва “Челси” 3 очко билан 1-2 ўринда қайд этилган бўлса, мағлуб бўлган "Лос-Анжелес" ҳамда “Эсперанс” 3-4 ўринга жойлашди. “F” гуруҳида “Мамелоди Сандаунз” илк тур якунига кўра 3 очко билан пешқадамга айланиб олди. “Боруссия Дортмунд” ва “Флуминенсе“ 1 тадан очкога эга чиқиб, гуруҳнинг 2-3-поғонасидан ўрин олди. “Ульсан” эса сўнгги ўринда.

“E” гуруҳида “Ривер Плейт” 3 очко билан гуруҳда карвонбошилик қилмоқда. Ушбу жамоани кейинги ўринларда бораётган “Монтеррей” ва “Интер” клублари 1 очко билан таъқиб қилмоқда. “Урава Ред Даймондс” мағлубият эвазига 4-ўринга тушиб қолди. “G” гуруҳида “Ювентус” ва “Манчестер Сити” ғалабага эришган ҳолда 3 очко билан пешқадамлик қилмоқда “Ал-Айн” ва “Видад” клублари сўнгги поғонада қайд этилди.

“H” гуруҳида “Реал Мадрид” биринчи турда “Ал-Ҳилол” жамоасига қарши ўтган ўйинда 1:1 ҳисобида дуранг қайд этди ва бу жамоалар 1 очко жамғарган ҳолда 2-3-ўринга жойлашди. “Ред Булл Зальцбург” 2:1 ҳисобида “Пачука”ни енгиб, 3 очкога эга бўлди ва гуруҳ етакчисига айланди.
Мусобақанинг иккинчи тури 19-23 июнь кунлари бўлиб ўтади. Мазкур турни бугун, мамлакатимиз вақти билан 21:00 да “Палмейрас” – “Ал-Аҳли” ўртасидаги учрашув бошлаб беради. Шунингдек, 20 июнь куни “Интер Майами” – “Порту” (00:01), “Сиэтл Саундерс” –“Атлетико Мадрид” (06:00), “ПСЖ” – “Ботафого” (03:00), “Бенфика” – “Окленд Сити” (21:00) “Фламенго” – “Челси” (23:00) баҳсига гувоҳ бўламиз.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА