Клиринг тизими орқали тўловлар бир йилда 44,2 фоизга кўпайди
2026 йил июль ойида Марказий банкнинг Ҳисоб-китоблар клиринг тизими орқали қабул қилинган тўловлар сони 17,2 миллионтага етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 44,2 фоизга кўп.
Кундалик ҳисоб-китобларда электрон тўлов операцияларидан фойдаланиш ҳажми ортиб бормоқда. Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил июль ойида Ҳисоб-китоблар клиринг тизими орқали жами 17,2 миллионта тўлов қабул қилинган.
Мазкур кўрсаткич 2025 йил июль ойидаги натижа — 11,9 миллионта тўлов билан таққослаганда 5,3 миллионтага ёки 44,2 фоизга ошган. Шу билан бирга, тўловларнинг умумий қиймати ҳам ўсган. Жорий йил июль ойида клиринг тизими орқали амалга оширилган тўловлар ҳажми 11,6 триллион сўмни ташкил этган. Бу 2025 йилнинг июль ойидаги 10,6 триллион сўмлик кўрсаткичдан 8,7 фоизга юқори.
Рақамлардан кўриниб турибдики, бир йил давомида тўловлар сони уларнинг умумий қийматига нисбатан анча тез суръатларда ўсган.
Бу эса клиринг тизими орқали амалга оширилаётган ҳисоб-китоблар сони сезиларли даражада кўпайиб, аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг электрон тўлов хизматларидан фойдаланиш фаоллиги ортиб бораётганини кўрсатади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА