Кластер: Деҳқон манфаати — устувор мақсад
Қишлоқ хўжалигида юқори натижага эришиш аввало илмий ёндашув, замонавий агротехнологиялар ва ишончли ҳамкорликка боғлиқ. “BMB Agrocluster” томонидан деҳқон ва фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий ишлар эса мазкур йўналишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
“BMB Holding” таркибида фаолият юритаётган “BMB Agrocluster” маҳаллий деҳқон ва фермер хўжаликлари билан контрактация шартномалари асосида самарали ҳамкорликни изчил йўлга қўйган. Эътиборлиси, мазкур ҳамкорлик фақат мавсум якунида етиштирилган маҳсулотни қабул қилиб олиш билан чекланмайди. Корхона томонидан деҳқон ва фермерларнинг меҳнат самарадорлигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият қаратилаётир.
Шу мақсадда ҳудудларнинг иқлим хусусиятлари ва тупроқ унумдорлиги чуқур таҳлил қилиниб, ҳар бир ҳудуд учун мос бўлган юқори ҳосилли экин навлари тавсия этилмоқда. Бу эса ҳосилдорликни ошириш, маҳсулот сифатини таъминлаш ва деҳқон меҳнатидан кўпроқ даромад олиш имконини яратмоқда.

Айниқса, маҳсулотларни узоқ масофаларга, жумладан, ташқи бозорларга етказиб бериш жараёнида уларнинг сифати ва табиий хусусиятларини сақлаб қолиш масаласи доимий эътибор марказида турибди. Бу эса экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш ва рақобатбардошликни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.
Бугунги кунда ҳам корхона раҳбарияти қишлоқ хўжалиги соҳасининг тажрибали ва малакали мутахассисларини жалб этган ҳолда ҳудудларда фермерлар ҳамда томорқа ерлари эгалари билан учрашувлар ўтказмоқда. Хусусан, Жиззах вилояти Фориш туманида ташкил этилган мулоқотларда ердан самарали фойдаланиш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва тўғри амалга ошириш юзасидан муҳим тавсиялар берилмоқда.

Мутахассисларнинг амалий маслаҳатлари деҳқонларнинг билим ва кўникмаларини бойитиш, экинларни парваришлаш сифати ҳамда меҳнат унумдорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, “BMB Agrocluster” томонидан йўлга қўйилган бундай илмий-амалий кўмак нафақат ҳосилдорликни юксалтиришга, балки деҳқоннинг машаққатли меҳнати самарасини кафолатлашга ҳам хизмат қилади. Зеро, дала бошида бошланган мустаҳкам ҳамкорлик пировардида юқори натижалар, сифатли маҳсулотлар ва экспорт салоҳиятини ошириш учун мустаҳкам замин яратади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири