Классик мусиқа тинглайдиган "ақлли ферма" ёхуд хомашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган занжир
Замонавий чорвачиликда юқори самарадорликка эришиш учун фақат наслдор мол етиштиришнинг ўзи кифоя қилмайди. Бунинг учун сифатли озуқа базаси, тўғри парвариш, рақамли назорат ва маҳсулотни чуқур қайта ишлаш жараёнлари яхлит бир занжир сифатида ишлаши шарт. Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманида жойлашган “Бухоро агрокластер чорва” корхонасида айнан мана шундай инновацион ва интеграциялашган ишлаб чиқариш тизими йўлга қўйилган.
Умумий қиймати 136 миллиард сўм бўлган ушбу йирик мажмуа 14,5 гектар майдонни эгаллайди. Бу ерда 120 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш билан таъминланган. Айни пайтда замонавий комплексида 2 минг бош соғин сигир ва 1 минг бош бузоқ парваришланмоқда. Лойиҳа тўлиқ қувват билан ишлаганда, йилига 11 минг тонна сут, 8 минг тонна гўшт етказиб бериш ҳамда 1,5 минг бош наслли бузоқ етиштириш имкониятига эга.
“Бухоро агрокластер” бош директори Азамат Султоновнинг таъкидлашича, бу каби йирик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда мамлакатимиздаги қулай тадбиркорлик муҳити ва давлат томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор муҳим туртки бўлди.
– Бундан ўн йил аввал иш бошлашда хавотир ва иккиланишлар кўп эди, – дея ўша даврларни ёдга олади Азамат Султонов. – “Бу ишни бошласам охири нима бўлади?”, “Қандай текшир-текширларга дуч келаркинман?” деган хаёллар билан яшардик. Бугун эса давлатнинг ўзи тадбиркорни қўллаб-қувватлаяпти, унинг имкониятларини кенгайтириб, эркин фаолият юритиши учун барча шароитни яратмоқда. Бундай ижобий ўзгаришларнинг амалий натижасини ўз корхонамиз ривожида яққол ҳис қиляпмиз.
Тадбиркорнинг сўзларига кўра, пахта-тўқимачилик кластерлари таркибида чорвачилик мажмуаларини ташкил этиш ташаббуси ушбу янги йўналишга қадам қўйишда бош туртки бўлган. Дастлаб Германия, Нидерландия, Чехия ва Швейцария каби Европа давлатларидан 1,5 минг бош наслдор қорамол келтирилган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 3 минг бошга етди.
Наслдор чорванинг маҳсулдорлигини оширишда тўғри парвариш ва тўйимли озуқа базаси ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис, мажмуада жараёнларни рақамлаштириш мақсадида замонавий “ақлли ферма” тизими йўлга қўйилган. Ҳар бир қорамолга ўрнатилган махсус электрон чиплар сут маҳсулдорлиги, тана ҳарорати, озуқа истеъмоли ва ветеринария ҳолатини онлайн тарзда мониторинг қилиб боради. Бу эса исталган ўзгаришни ўз вақтида пайқаб, тезкор чора кўриш имконини бермоқда.
Мустаҳкам озуқа базасини яратиш учун корхонага 400 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, унда тўйимли экинлар етиштирилади, шунингдек, инновацион гидропоника технологиясидан кенг фойдаланилади. Эътиборлиси, замонавий суғориш тизимлари сув сарфини нақд 95 фоизгача тежаш имконини беряпти. Комплексда жониворларни парваришлашнинг ўзига хос, ноанъанавий усуллари ҳам мавжуд, бу ерда сигирлар майин классик мусиқа садолари остида боқилади, бу эса сут маҳсулдорлигини сезиларли даражада оширади.
Ишлаб чиқариш занжирининг навбатдаги босқичи, сутни чуқур қайта ишлаш. Мажмуада етиштирилган хомашё кластер таркибидаги “Латико” бренди остида фаолият юритувчи корхонага етказиб берилади. Йиллик қуввати 20 минг тонна сутни қайта ишлашга мўлжалланган ушбу замонавий заводда бугунги кунда 50 турдан ортиқ юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Мазкур тайёр маҳсулотларнинг умумий қиймати 38 миллиард сўмни ташкил этади.
Умумий қиймати 6,2 миллион доллар бўлган ушбу лойиҳа доирасида корхонага Италия ва Россиянинг энг илғор технологиялари ва ускуналари ўрнатилган. Эътиборлиси, бу ерда 122 нафар ходим доимий иш ўрнига эга бўлди. Корхона тўлиқ қувват билан ишлаши натижасида давлат бюджетига йилига 8 миллиард сўм солиқ тушумлари тушиши кўзда тутилган.
Шундай қилиб, мажмуада сутни шунчаки хомашё сифатида сотиш анъанасидан воз кечилиб, уни қайта ишлаш орқали юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулот олиш йўлга қўйилган. Бу эса ишлаб чиқаришнинг янги босқичида бандликни таъминлаш билан бирга иқтисодий самарадорликни бир неча баробар оширмоқда. Энг муҳими, кластер фаолияти фақат йирик ферма ва завод билан чекланиб қолмай, балки маҳаллий аҳоли хонадонларини ҳам ушбу занжирга интеграция қилмоқда. Жумладан, ҳозирга қадар 500 та кичик хонадонга сут йўналишидаги зотдор сигирлар тарқатилди. Хонадонларда етиштирилган сут корхона томонидан кафолатли харид қилиниб, қайта ишлашга йўналтирилмоқда. Бу эса қишлоқ аҳолиси учун доимий ва барқарор даромад манбаи демакдир.
– Ҳозирги кунда 500 та хонадон билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз, – дейди корхона раҳбари Азамат Султонов истиқболдаги режалар билан ўртоқлашаркан. – Улардан сут хомашёсини кафолатли сотиб олиб, ўз заводимизда қайта ишлаяпмиз. Келгусида бу қамровни янада кенгайтириб, ҳамкорлик қилаётган хонадонлар сонини 1 мингтага етказишни мақсад қилганмиз.
Бундай кооперация тизими икки томон учун ҳам бирдек манфаатлидир. Кичик хўжаликлар сут сотиш орқали ўз оилавий бюджетини мустаҳкамласа, корхона барқарор ва қўшимча хомашё базасига эга бўлмоқда. Натижада йирик агрокластер ва кичик хонадонлар ўртасида ўзаро боғлиқ, мустаҳкам ишлаб чиқариш занжири шаклланяпти.
Хуллас, “Бухоро агрокластер чорва” мажмуасининг бой тажрибаси шуни кўрсатадики, замонавий чорвачиликда муваффақият фақат наслдор мол сони ёки маҳсулот ҳажми билангина ўлчанмайди. Бунинг учун озуқа етиштиришдан бошлаб, рақамлаштирилган парвариш, маҳсулдорлик назорати, сутни чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотни бозорга чиқаришгача бўлган барча бўғинлар яхлит тизимда, уйғун ишлаши шарт. Маҳаллий аҳоли хонадонлари билан йўлга қўйилган бундай ижтимоий ҳамкорлик эса мазкур тизимнинг иқтисодий самарасини тўғридан-тўғри халқнинг фаровонлиги ва даромадига дахлдор қилиб қўймоқда.
[gallery-32364]
Дилшод ҲАКИМОВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат),
ЎзА