Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ходимлари билан ҳамкорликда олинган маълумотлар асосида Нукус шаҳридаги йўл патруль хизмати масканида тезкор тадбир ўтказилди.
“Тошкент-Нукус” йўналишида ҳаракатланиб келаётган енгил автотранспорт воситаси тўхтатилиб, мазкур автотранспорт йўловчиси ва унга тегишли бўлган сумкалар холислар иштирокида кўздан кечирилганида, фуқаро устидаги ички кийимларига хуфиёна тарзда яширилган 2 дона шаффоф рангли полиетилен пакетда ўткир ҳидли, тўқ жигарранг, ўрами билан оғирлиги 58,12 грамм бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур фуқаронинг Нукус шаҳри ҳудудидаги яшаш хонадони кўздан кечирилганида, ўз хонадонида 3,58 гр “марихуанна”, 1 гр опий, 8 гр “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлиги уруғи, 1 гр “гашиш” гиёҳвандлик воситаси ва 1 дона гиёҳванд воситасини ўлчашда фойдаланилган электрон тарози борлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида вақтинча сақловга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Таъкидлаш жоизки, жорий йил бошидан Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан 665 грамм гиёҳвандлик воситасининг мамлакатимиз чегаралари орқали ҳаракатланиши ҳамда ички ҳудудда муомалада бўлишининг олди олинди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири