Китоб дунёдаги бебаҳо, азиз неъматлардан бири. Инсон қалбидаги энг гўзал туйғулар, чин инсоний фазилатлар бетакрор бадиий асарлар, китоблар мутолааси орқали шаклланади. Эзгу мақсадлар, юксак марралар ҳам китобхонлик, маърифатлилик ортидан қўлга киритилади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан халқимизни китобхон миллатга айлантириш борасида кенг қамровли эзгу саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Мамлакатимизда китобхонликни тарғиб қилиш, китобхонлик маданиятини оширишга муҳим эътибор қаратилаётгани замирида ҳам аҳолини маърифатли қилишдек улкан мақсадлар мужассам.
“Ўзбекистон-2030” стратегиясида ҳам аҳоли, айниқса ёшларда китобхонлик маданиятини кучайтириш мақсадида китобхон ёшларни 5 миллионга етказиш, ҳар йили 100 та энг энг яхши бадиий асарлар ва ёшлар учун мўлжалланган 50 та бадиий китоблар яратиш ҳамда 40 миллионга яқин китоб фондини рақамлаштириш бўйича муҳим вазифалар белгиланган.
Жорий йилнинг 14-17 май кунлари Фарғона вилоятида илк бор халқаро китобхонлик фестивали ҳамда “Central Asia – 2025” Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” XVIII Халқаро конференцияси бўлиб ўтди.
Тадбирда Буюк Британия, Болгария, Белоруссия, Германия, Франция, Уммон Султонлиги, Россия Федерацияси, Малайзия каби хорижий давлат вакиллари мутахассис ва экспертлар, юртимизнинг барча ҳудудларидан 400 дан зиёд кутубхоначилар, олий таълим ахборот-ресурс марказлари раҳбарлари, архивариус ва музей ходимлари, ахборот-коммуникация технологиялари бўйича мутахассислар иштирок этди.
Эътиборли жиҳати, бу нуфузли анжуманда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали томонидан давлат хизматчилари ўртасида китобхонлик тарғиботи бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар эътироф этилди.
Давлат идораларида ишлаётган ходимлар билимли, салоҳиятли бўлиши шарт. Шу боис улар ўртасида китобхонликни ривожлантириш муҳим вазифа саналади.Давлат хизматчиларини китоб мутолаасига қизиқишини ривожлантириш мақсадида “Фарғона тажрибаси” сифатида “Давлат хизматчиси кутубхонада бир кун” лойиҳаси ташкил этилди. Ушбу лойиҳада 70 мингдан зиёд давлат хизматчилари ҳудудий ахборот-кутубхона марказларига аъзо бўлиб, китоб ўқиш, кутубхонанинг доимий фаоллари бўлишда бутун жамиятга намуна бўлиб келмоқда.
Бу борада "Фарғона тажрибаси" яратилиб, эндиликда вилоятда ҳар йили “Энг намунали китобхон ташкилот”, “Энг яхши китобхон давлат хизматчиси”, “Энг бой кутубхонага эга ташкилот” ва “Энг яхши китобхон раҳбар” кўрик-танловларини ташкил этиш режалаштирилди.
Албатта, ҳар қандай давлатнинг ривожланишида илмнинг ўрни беқиёс. Китоб мутолааси глобал ахборотлашув шароитида мамлакатни ижтимоий, иқтисодий ва маданий ривожлантиришнинг асосий омилларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Китобхонликка қизиқиш юқори бўлган юртларда жамият ҳаётининг деярли барча соҳалари тараққий этганлигини кузатиш мумкин. Шунинг учун Фарғона вилоятида ҳам давлат хизматчилари ўртасида китобхонлик маданиятини янада ривожлантириш бўйича кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Аҳаджон Акбаров,
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги
Фарғона вилояти филиали раҳбари