Китобхонлик ва аҳоли билан мулоқот депутат назоратида
Юртимизда китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёш авлоднинг маънавий дунёқарашини бойитиш, замонавий билимларни эгаллаши учун зарур шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Айни пайтда жойларда аҳоли муаммоларини ўрганиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва ёшлар ташаббусларини рағбатлантиришга қаратилган амалий ишлар ҳам изчил давом этмоқда. Бу каби ташаббуслар жамият тараққиётининг муҳим пойдевори бўлган маърифат, очиқ мулоқот ва фуқаролик фаоллигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ана шу мақсадлардан келиб чиқиб, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда ЎзЛиДеПнинг “Халқ билан бирга” дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати Дилбар Ахмедова Қоровулбозор туманида бўлиб, ҳудуддаги кутубхоналар фаолиятини атрофлича ўрганди.
Дастлаб депутат “Бўзачи” маҳалла фуқаролар йиғини кутубхонаси ҳамда тумандаги 4-умумтаълим мактаби кутубхонасида бўлиб, китоб фондларининг ҳолати, бадиий ва илмий адабиётлар билан таъминланганлик даражаси, китобларни сақлаш шароитлари ҳамда китобхонлар учун яратилган имкониятлар билан танишди.

Ўрганишлар давомида ёшларни китоб мутолаасига янада кенг жалб қилиш, кутубхоналар фондини янги ва замонавий адабиётлар билан бойитиш, электрон ахборот ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда китобхонлик муҳитини янада ривожлантириш юзасидан қатор амалий таклиф ва тавсиялар билдирилди. Таъкидланганидек, китоб — инсон тафаккурини юксалтирувчи, маънавий камолотга етакловчи энг қудратли манбадир. Шу боис ҳар бир маҳалла ва ҳар бир таълим муассасасида китобхонлик муҳитини янада кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Ташриф доирасида Қоровулбозор туманидаги 4-умумтаълим мактабида маҳалла аҳолиси ҳамда бошловчи тадбиркорлар иштирокида сайёр қабул ҳам ташкил этилди. Унда маҳаллий Кенгаш депутатлари, ЎзЛиДеПнинг вилоят ва туман Кенгашлари масъуллари, туман ҳокимлиги вакиллари ҳамда фаол ёшлар иштирок этишди.

Очиқ ва самимий мулоқот руҳида ўтган қабулда аҳоли мурожаатлари тингланиб, ҳудудларда мавжуд муаммоларни тезкор бартараф этиш, фуқаролар билан доимий мулоқотни кучайтириш ҳамда уларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ёшлар ва фуқароларнинг банк, солиқ, молия тизими ҳамда бизнес юритишга оид саволларига соҳа мутахассислари томонидан атрофлича тушунтиришлар берилди. Айниқса, бошловчи тадбиркорларга бизнес-режа тузиш, имтиёзлардан самарали фойдаланиш ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича амалий маслаҳатлар тақдим этилди. Бу эса уларнинг янги ғояларини ҳаётга татбиқ этиш ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Тадбир якунида депутат умумтаълим мактаби битирувчилари билан ҳам учрашди. Учрашувда ўқишда юқори натижаларга эришган, жамоатчилик ишларида фаол иштирок этган ҳамда тадбиркорликка қизиқиш билдирган ёшлар муносиб эътироф этилиб, уларга сертификатлар топширилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири