Китобхонлик, санъат ва ижод: маърифий ташаббуслар самараси (+видео)
Китоб инсон тафаккурини бойитса, санъат қалбга таъсир қилади, ижод эса инсонни янгилик яратишга ундайди. Шу маънода, жамиятнинг маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш фақат таълим тизими ёки китобхонликни тарғиб қилиш билан чекланмайди. Бунинг учун инсонни фикрлаш, изланиш, гўзалликни ҳис этиш ва ўз қобилиятини намоён қилишга чорлайдиган ижодий муҳит ҳам зарур.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда китобхонлик маданиятини ривожлантириш, адабиёт ва санъатни қўллаб-қувватлаш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг маънавий эҳтиёжларини рағбатлантиришга қаратилган ташаббуслар кенгаймоқда. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2026 йил май ойида Миллий китобхонлик ҳаракатига старт берилиши, давлатимиз раҳбарининг 15 январдаги “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларга янги мазмун бағишлади. Ҳудудларда маҳалла кутубхоналарини ташкил этиш, китоб фондларини бойитиш, замонавий рақамли платформаларни ишга тушириш каби саъй-ҳаракатлар мутолаани кундалик ҳаётнинг бир қисмига айлантиришга хизмат қилмоқда.
Бу ташаббусларнинг амалий натижаларини рақамларда ҳам кўриш мумкин. Жумладан, “Маҳалла кутубхоналари” лойиҳаси доирасида 2023 йилда Бухоро вилояти Олот туманида биринчи кутубхона ташкил этилиши билан бошланган "Маҳалла кутубхонаси" лойиҳаси кейинчалик тижорат банклари кўмагида республика бўйлаб кенгайди.
Маҳалла кутубхоналарини ташкил этиш ва уларни қўллаб-қувватлашда тижорат банклари ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, Халқ банки 13 та маҳаллада кутубхона ташкил этиб, илмий-оммабоп йўналишда 60 та китоб нашр этди. “Ўзсаноатқурилишбанк” 17 та, “Ўзмиллийбанк” 14 та, “Туронбанк” ва “Трастбанк” 8 тадан маҳаллада кутубхона ташкил этишга ҳисса қўшди.
Бу рақамлар ташаббуснинг ҳудудлардаги амалий кўламини кўрсатади. Бироқ кутубхонанинг ҳақиқий қиймати ундаги китоблар сони билангина эмас, балки у ерга келадиган китобхонлар, мутолаа қилинадиган асарлар, ўтказиладиган суҳбатлар ва шаклланадиган қизиқишлар билан ҳам ўлчанади. Шу боис кутубхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларни замонавий ахборот манбалари билан бойитиш ва маҳалладаги маърифий ҳаётнинг фаол марказига айлантириш муҳим.
Маърифатни кенгайтиришда рақамли имкониятлардан фойдаланиш ҳам алоҳида аҳамиятга эга. "Bitik.online" рақамли платформаси китобхонлар учун билим манбаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган. "Маҳалла кутубхонаси" каби анъанавий мутолаа муҳитини рақамли воситалар билан тўлдирувчи ташаббуслар китобхонлик имкониятларини янада оширишга хизмат қилади.
Аҳолининг молиявий саводхонлигини юксалтириш ҳам бугунги маърифий ишларнинг муҳим йўналишларидан биридир. Марказий банк ташаббуси билан амалга оширилаётган "Молиявий билимлар" лойиҳаси бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир. Лойиҳа доирасида дастлабки 10 та китоб чоп этилди. Кейинги босқичда иқтисодиётнинг турли йўналишларига оид яна 30 та китобни ўзбек тилига таржима қилиш ва нашр этиш режалаштирилган.
Кутубхоналар тармоғининг кенгайиши, янги китобларнинг нашр этилиши, рақамли платформаларнинг ишга туширилиши ва молиявий саводхонликка қаратилган материаллар бир-бирини тўлдирувчи ташаббуслардир. Уларнинг барчаси инсоннинг билим олиш имкониятини кенгайтириш, мустақил фикрлашини рағбатлантириш ва ёш авлоднинг ҳаётга тайёрлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ёшлар учун ижодий муҳит ва маънавий тажриба
Миллий маданият ва санъатни ривожлантириш, китобхонликка қизиқишни ошириш, ёш авлоднинг маънавий дунёқарашини бойитиш бугунги маърифий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан. Айниқса, адабиёт ва санъатни таълим, тарбия ҳамда миллий қадриятлар билан уйғунлаштириш орқали ёшларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар яратиш муҳим аҳамият касб этади.
Жорий йилнинг 22-25 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида ўтказилган "Ойдин гурунглар - 2026" халқаро ижодий форуми ҳам ана шу маърифий жараённинг ўзига хос давоми бўлди. Унинг аҳамияти турли санъат ва адабиёт вакилларини бир майдонга жамлаш билангина эмас, балки ижодни билим, тарбия, тажриба ва ҳамкорлик билан боғлаганида намоён бўлди.
"Ойдин гурунглар" доирасида мактаб ўқувчиларининг ижодий ишлари, маҳаллий рассомларнинг асарлари, маҳорат дарслари ва кўргазмалар ташкил этилгани шу жиҳатдан эътиборли. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, рассом Қурбонбой Бекчановнинг фикрича, бундай учрашувлар ёшларнинг нафақат ижодий маҳоратини, балки ўзаро ҳамжиҳатлиги ва маънавий дунёсини ҳам бойитади.
– Хивада ўтган форумда мактабимиз ўқувчиларининг ижодий ишлари билан иштирок этдик. Ўқувчилар ва ўқитувчилар ўз асарларини намойиш этиш баробарида, ёшларга ўз тажрибаларини улашди. Фестиваль жуда очиқ ва самимий руҳда ўтди. Унинг асосий мақсади ёшлар ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, уларнинг бир-биридан маънавий озуқа олиши учун шароит яратишдан иборат эди. Ишонаманки, ёшларимиз ушбу фестивалдан катта маънавий озуқа олди, – деди Қ.Бекчанов.
Бу фикрлар ижодий учрашувларнинг инсон ҳаётидаги ўрнини яққол кўрсатади. Айниқса, тажрибали устозлар билан ёш ижодкорларнинг бир майдонда мулоқот қилиши, асарлар муҳокамаси ва амалий машғулотларда иштирок этиши китоб ёки дарсликдан олинадиган билимни ҳаётий тажриба билан тўлдиради. Бундай муҳитда ёшлар нафақат ўз ишини кўрсатади, балки бошқаларнинг қарашлари ва услубларидан ҳам илҳом олади.
Театр ва халқаро мулоқот: ижод чегара билмайди
Санъатнинг яна бир муҳим хусусияти турли халқлар ва маданиятлар ўртасида мулоқот ўрнатишидир. Бир мамлакатда яратилган спектакль ёки бадиий асар бошқа юрт вакилларига ҳам тушунарли бўлиши, уларни мушоҳадага чорлаши мумкин. Шу боис халқаро ижодий форумлар тажриба алмашиш билан бирга, турли маданий қарашларни яқинлаштиришга ҳам хизмат қилади.
"Ойдин гурунглар" дастурида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва Туркия театр жамоаларининг спектакллари намойиш этилди. Адабиёт, театр ва нашриёт йўналишларидаги учрашувлар, мушоиралар, маҳорат дарслари ҳамда концерт дастурлари турли санъат турларининг ўзаро боғлиқлигини намоён қилди.
Варшава университети профессори, театршунос ва театр тарихи тадқиқотчиси Андрей Москвин учун фестивалда иштирок этиш миллий театримиз билан яқиндан танишиш имкониятини янада кенгайтирган.
– Бу фестивалда биринчи марта қатнашдим. Мен учун бу катта шараф ва қувонч. Ўзбекистонга аввал ҳам икки марта келганман. Театршунос сифатида миллий театрга қизиқишим катта. Тошкентда икки ҳафта бўлиб, миллий театрнинг ўнга яқин спектаклини кўрдим. Кейин фестивалга таклиф этилдим. Фестиваль формати мен учун янгича ва қизиқарли. Унда турли мамлакатлардан келган кичик театр жамоаларининг камер спектакллари намойиш этилиши кутилмоқда. Бу менда алоҳида қизиқиш уйғотди, – деди А.Москвин.
Дарҳақиқат, театр санъатидаги турли ёндашувлар билан танишиш ижодкорлар учун янги тажриба манбаи бўла олади. Бир саҳна асаридаги образ, режиссёрлик ечими ёки мусиқий ифода бошқа мамлакат вакилларини ҳам ўйлантириши, ўз ижодий қарашларини қайта кўриб чиқишга ундаши мумкин. Фестиваль доирасидаги мулоқотларнинг қадри ҳам шунда: ижодкорлар тайёр натижани намойиш этиш билан чекланмай, бир-бирининг изланишларини англашга интилади.
Санъат йўналишлари уйғунлиги: ижодий ҳамкорлик ва янги тажриба
Форумнинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, унда театр санъати алоҳида йўналиш сифатида эмас, балки тасвирий санъат, дизайн, сценография, мусиқа ва адабиёт билан узвий боғлиқ ҳолда намоён бўлди. Бу эса ижодкорларга ўз соҳаси доирасидан чиқиб, бошқа йўналишлар имкониятларини ҳам кашф этиш учун шароит яратди.
Фаррух Зокиров номидаги болалар мусиқа ва санъат мактаби театр санъати бўлими раҳбари, режиссёр Фаррух Тўраевнинг фикрича, бундай учрашувлар ёш режиссёрлар, драматурглар, рассомлар ва композиторлар учун ўзига хос маҳорат мактаби бўлди. У турли мамлакатлар театр жамоалари иштирокини ижодий ёндашувлар билан танишиш ва тажриба алмашишнинг муҳим имконияти сифатида баҳолади.
– Мазкур фестиваль ёш режиссёрлар, драматурглар, рассомлар ва композиторлар учун катта маҳорат мактаби бўлди. Унда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон ва Россия Федерациясидан театр жамоаларининг қатнашиши ўзаро тажриба алмашиш, турли саҳна асарлари ва ижодий ёндашувлар билан танишиш имконини берди. Бу ижодкорлар учун жуда муҳим эди, – деди Ф.Тўраев.
Бу мулоҳазалар санъатнинг бир йўналишидаги ғоя бошқа соҳада ҳам янги асар, янги шакл ёки янги ифода воситасига айланиши мумкинлигини кўрсатади. Масалан, рассомнинг ижодий қараши театр саҳнасида рамзий образлар орқали намоён бўлиши, мусиқа эса спектаклнинг эмоционал таъсирини кучайтиради. Демак, ижодий ҳамкорлик нафақат тайёр асарларни тақдим этиш, балки янги ғоялар туғилишига ҳам замин яратади.
Мухтасар айтганда, “Ойдин гурунглар - 2026” халқаро ижодий форуми китобхонлик ва мутолаа маданиятини тарғиб этиш, китобнинг инсон камолотидаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилган муҳим маданий-маърифий воқеа бўлди. Форум давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёшларнинг маънавий-интеллектуал салоҳиятини ошириш ва жамиятда мутолаа муҳитини шакллантиришга қаратилган устувор вазифаларнинг амалий ифодасидир.
Насиба Зиёдуллаева, Ёқуб Мелибоев,
Дониёр Ёқубов, Анвархўжа Аҳмедов (видео, монтаж), ЎзА