Китобхонлик орқали айрим маҳкумлар жазо муддатидан олдин озод этилди
Самарқандда Олий суд раисининг ўринбосари Шуҳрат Полвонов бошчилигида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича сайёр қабуллар ўтказилди.
Иштихон ва Ургут туманларида ташкил этилган қабуллар давомида 109 нафар фуқаронинг жиноят, фуқаролик, иқтисодий ҳамда маъмурий судловга оид мурожаатлари тингланди. Ушбу мурожаатлар бўйича 68 нафар шахсга ҳуқуқий тушунтириш берилди, 35 та шикоят ва ариза қонуний кўриб чиқиш учун қабул қилинди. Олти мурожаат бўйича масала қабул чоғида қаноатлантирилди.
Олий суд раҳбарияти аҳоли билан мулоқот чоғида бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берди, фуқароларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.
Ургутда ўтказилган сайёр қабулдан сўнг Олий суд раиси ўринбосари Ш.Полвонов ва самарқандлик судьялар Деҳқонобод маҳалласида ташкил этилган таниқли адиб Абдусаид Кўчимов кутубхонасида бўлиб, бу ерда китобхонлар учун яратилган шароитлар билан танишди. Маҳалла аҳли ва китобхонлар билан учрашувда юртимизда китобхонлик маданиятини ошириш, халқимизнинг маънавий оламини бойитишда бу каби зиё масканларининг муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Давра суҳбатида қонунга зид ҳаракатлари учун судланган ва жазо ўтаётган бир гуруҳ шахслар “Нуроний” жамғармаси туман бўлими ташаббуси билан ушбу кутубхонага жалб қилингани Олий суд раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланди. Жумладан, уларнинг 10 нафари қўйилган талабларни бажариб, ўндан ортиқ китобларни ўқиб ўзлаштирганлиги сабабли пробация бўлимига ижобий тавсифнома берилган.
Олий суд раиси ўринбосари Шуҳрат Полвонов ички ишлар органлари пробация бўлими ва жиноят ишлари бўйича Ургут туман суди раисига ҳар бир ҳолатни алоҳида ўрганиб, қонун доирасида ёрдам бериш вазифасини топширди.
Шу асосда кутубхонада жиноят ишлари бўйича Ургут туман судининг сайёр суд мажлиси ташкил этилди. Сайёр судда ҳар бир ҳолат алоҳида кўриб чиқилиб, 10 нафар маҳкум ўталмай қолган ахлоқ тузатиш ишлари ва бошқа жазолардан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.
– Жиноят ишлари бўйича Ургут тумани суди, туман ички ишлар бошқармаси ҳамда “Нуроний” жамғармаси туман бўлими ўртасида имзоланган меморандум асосида пробация назоратида турган 53 нафар фуқарони кутубхонага аъзо қилиб, китоб ўқишга жалб қилдик, – дейди “Нуроний” жамғармаси Ургут туман бўлими раиси Қуддус Асқаров. – Уч ойлик кузатишлар давомида 10 нафар иштирокчида ижобий ўзгаришлар кузатилди. Шу асосида жиноят ишлари бўйича Ургут туман судига тўғри йўлга қайтган 10 нафар маҳкумни ўталмай қолган жазолардан муддатидан олдин шартли озод қилишни сўраб илтимоснома киритдик ва бугун бу илтимосномаларимиз суд томонидан қаноатлантирилди.
Муддатидан олдин жазодан озод этилганлар ҳам бундай имкониятдан мамнун эканликларини билдиришди.
[gallery-28980]
– Содир этган жиноятим оқибатида 2020 йилнинг октябрь ойида 6,5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эдим, – дейди Ринат Хушназаров. – Китобга ошно бўлиб, тўғри йўлга қайтганимни ҳисобга олиб, бугун жазодан муддатидан олдин шартли равишда озод қилиндим. Бунинг учун шундай имконият яратиб берган Президентимиздан миннатдорман. Энди жамиятга фойдам тегадиган иш билан шуғулланишга ҳаракат қиламан.
Кутубхона билан танишув жараёнида Олий суд томонидан Абдусаид Кўчимов кутубхонаси фондига янги китоблар, қонунлар тўпламлари совға қилинди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА