Китобхонлик келажаги муҳокама марказида
Боёвут туманида ахборот-кутубхона тизими фаолияти самарадорлигини ошириш, китобхонлик маданиятини кенг тарғиб қилиш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган ахборот-кутубхона хизматлари сифатини янада яхшилаш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Боёвут туманида ахборот-кутубхона тизими фаолияти самарадорлигини ошириш, китобхонлик маданиятини кенг тарғиб қилиш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган ахборот-кутубхона хизматлари сифатини янада яхшилаш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирда Сирдарё вилояти Ахборот-кутубхона маркази раҳбари Ойбек Каримов, туман ҳокимининг ўринбосари Авазбек Алашукуров, соҳа мутасаддилари ҳамда масъул ходимлар иштирок этди. Йиғилиш давомида Боёвут туман Ахборот-кутубхона марказининг бугунги фаолияти атрофлича таҳлил қилиниб, эришилган натижалар ва мавжуд камчиликлар муҳокама қилинди.


Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда китобхонлик маданиятини юксалтириш, аҳолининг мутолаага бўлган қизиқишини ошириш ва кутубхона хизматларини замонавий талаблар асосида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада ахборот-кутубхона марказлари аҳолининг билим ва маънавиятга бўлган эҳтиёжини қондиришда муҳим ўрин тутмоқда.


Йиғилишда китоб фондларидан самарали фойдаланиш, электрон каталог ва рақамли хизматларни кенгайтириш, китобхонлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, айниқса, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини шакллантиришга қаратилган ишлар юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, маҳаллалар, таълим муассасалари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни янада кучайтириш орқали китобхонлар қамровини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

Соҳада инновацион ёндашувларни жорий этиш, янги лойиҳаларни амалга ошириш, китоб тарғиботига қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар кўламини кенгайтириш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди. Масъулларга ҳар бир китобхоннинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда замонавий ва сифатли хизмат кўрсатиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири