Китобсевар ёшлар маскани
ФОТОРЕПОРТАЖ
Нукус шаҳридаги Республика болалар кутубхонасида ўқувчи ва талаба-ёшларга хизмат кўрсатиш ва китобхонлик маданиятини кенг тарғиб қилиш борасида самарали иш олиб борилмоқда.
Бугунги кунда кутубхонанинг умумий китоб фонди 79 минг 763 донани ташкил этади. Шундан 63 минг 159 таси бадиий ва болалар адабиёти, 10 минг 348 таси илмий-оммабоп, 1 минг 131 таси педагогика, қолганлари эса турли – рус, қозоқ, қорақалпоқ, ўзбек, инглиз тиллари йўналишидаги адабиётларни ташкил этади.
[gallery-29419]
Ўтган 2025 йилда кутубхонага 2 минг 518 дона янги китоб олинган ва 11 минг 21 нафар ўқувчи кутубхона хизматидан фойдаланган. Бундан ташқари ёш китобхонларга масофадан хизмат кўрсатиш мақсадида интернет тармоғида https://t.me/virtual_kitapxana телеграм канали ташкил қилиниб, ўқувчиларни қизиқтирадиган китобларнинг электрон вариантлари жойлаштириб борилмоқда.
Шунингдек, кутубхонада ёш китобсеварлар ўртасида турли ижодий кўрик-танловлар, маданий тадбирларни ўтказиб бориш яхши анъанага айланган. Яқинда ана шундай тадбирлардан бири – таниқли адиблар Ибройим Юсупов ва Тулепберген Қайипбергеновларнинг таваллуд кунига бағишлаб “Қорақалпоқ адабиётининг икки йирик сиймоси” номли адабий кеча ўтказилди. Унда буюк сиймоларнинг ҳаёти ва бой ижодий мероси ўқувчи-ёшларга таништирилди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА