Китоб тақдимоти: “МИЛЛАТ ШАВКАТИ”
Жиззах вилоятининг Зомин туманида маънавий-маърифий ҳаётдаги муҳим воқеалардан бири сифатида давлат арбоби ва сиёсатчи Қудратилла Рафиқовнинг “МИЛЛАТ ШАВКАТИ” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Юртимизда китобхонлик маданиятини юксалтириш, жамиятда илмий-таҳлилий фикрни қарор топтириш ва ёш авлоднинг дунёқарашини бойитишга қаратилган саъй-ҳаракатлар изчил давом этаётган бир пайтда ўтказилган мазкур тадбир кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди.
Тақдимот Зомин туманидаги 60-сонли умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилди. Мазкур таълим маскани мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев таҳсил олган даргоҳ сифатида ҳам алоҳида тарихий аҳамиятга эга. Шу боис тадбир иштирокчилари аввало мактаб музейи билан танишиб, унда сақланаётган тарихий ҳужжатлар, фотосуратлар ва экспонатлар орқали Президентимиз ҳаёти ва фаолиятининг илк босқичларини акс эттирувчи материаллар билан яқиндан танишди. Айниқса, музей экспозициясининг бойлиги ва замонавий ёндашув асосида шакллантирилгани меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Китоб тақдимотига бағишланган анжуманни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Ҳожиматов олиб борди.
Тадбирда таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда китобхонлик маданиятини юксалтириш, аҳолини, айниқса, ёшларни мутолаага кенг жалб этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, китобхонлик муҳитини кучайтириш, ижодкорлар ва ноширларни қўллаб-қувватлаш ҳамда жамиятда мутолаа маданиятини ҳаёт тарзига айлантиришга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилган.
[gallery-30476]
Маълум қилинганидек, 12 та илмий-оммабоп мақолани ўз ичига олган “МИЛЛАТ ШАВКАТИ” тўпламида Ўзбекистоннинг яқин ва узоқ тарихи, мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичи, Марказий Осиёда шаклланаётган янги ҳамкорлик муҳити ҳамда минтақада кечаётган геосиёсий жараёнлар кенг таҳлил қилинган.
Асарда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар, қўшни давлатлар ҳамда жаҳоннинг етакчи мамлакатлари билан ўзаро манфаатли муносабатларнинг янги босқичга кўтарилиши, Марказий Осиёда интеграция жараёнларининг мустаҳкамланиши ҳаётий мисоллар асосида ёритилган.
Шунингдек, мамлакатимизда саноат ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, таълим ва тиббиёт тизимларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, инсон қадрини улуғлаш, меҳнаткашлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда касаба уюшмаларининг ўрни каби долзарб масалаларга ҳам атрофлича тўхталинди. Муаллиф ушбу жараёнларнинг мазмун-моҳиятини чуқур таҳлил қилар экан, мамлакат тараққиётининг замирида халқ манфаатларини таъминлашга қаратилган изчил давлат сиёсати мужассам эканини аниқ далиллар ва кузатишлар асосида очиб беради.
Тақдимотда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов, “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон Миллий университети ректори Ином Мажидов, “Халқ сўзи” – “Народное слово” газеталари бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ўткир Раҳматов ҳамда бошқа жамоат арбоблари сўзга чиқишиб, асарнинг мазмун-моҳияти, илмий-назарий аҳамияти ва кенг китобхонлар оммаси учун долзарблиги хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Нотиқлар китобда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар, давлат ва жамият тараққиётининг устувор йўналишлари, миллий манфаатларни таъминлашга қаратилган стратегик ёндашувлар илмий-публицистик услубда чуқур таҳлил қилинганини алоҳида таъкидлашди. Шу билан бирга, асар нафақат сиёсатшунослар ва тадқиқотчилар, балки талабалар, ёшлар ҳамда кенг китобхонлар оммаси учун ҳам муҳим манба бўлиши қайд этилди.
Тадбир якунида “МИЛЛАТ ШАВКАТИ” китобининг нашр этилиши мамлакатимиз маънавий-маърифий ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири сифатида баҳоланди. Асарнинг мазмунан бойлиги, таҳлилий ёндашуви ва ҳаётий хулосалари Янги Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини англаш, миллий тараққиётнинг устувор йўналишларини кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда китобхонлик маданиятини янада юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиши таъкидланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари