Китоб орқали дунёни англамоқ саодати
Тафаккур булоғи, маърифат ошёни бўлган китоб – инсон ақлини ўстирувчи, ахлоқини шакллантирувчи бебаҳо хазина. У нафақат билим манбаи, балки инсон фикрлаш доираси, дунёқараши ва маънавий камолотини мустаҳкамлашда ҳам муҳим воситадир.
Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёшларни мутолаага кенг жалб этиш ва интеллектуал салоҳиятни ошириш мақсадида Миллий китобхонлик ҳаракати дастури йўлга қўйилди.
Наманганда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси ҳамкорлигида уюштирилган таниқли ёзувчи ва журналист Лазиз Раҳматовнинг “Дунё мамлакатлари” китоби тақдимоти ҳам айни шу маърифий ҳаракат ижросига қаратилди.
Нодирабегим номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида бўлиб ўтган тадбирда адиб ва шоирлар, нашриёт ва матбаа корхоналари вакиллари, адабиёт ихлосмандлари, олий ўқув юртлари талабалари ва умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирок этдилар.
[gallery-29827]
Тақдимотда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилоят бўлими раиси, шоир Зиёвиддин Мансуров, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Мусохон Аппақов янги энциклопедик қўлланма китобхонликда ўзига хос ёндашувлар ҳамда муштарийларнинг бугунги замонавий дунёқарашларидан келиб чиққан ҳолда нашр бўлганлигини таъкидлади.
Янги ўзига хос китоб муаллифи Лазиз Раҳматов 1981 йил 21 апрелда Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз тумани Наматон қишлоғида туғилган. Сиёсатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасига эга. Фаолиятини кутубхоначилик ва журналистика соҳасида бошлаган Лазиз Раҳматов турли оммавий ахборот воситаларида ишлаган.
Таъкидлаб ўтилганидек, “Дунё мамлакатлари” жаҳоннинг 236 давлати ҳақида кенг қамровли маълумот берувчи қомусий асар ҳисобланиб, у география, тарих, сиёсатшунослик ва халқаро муносабатларга қизиқувчи китобхонлар учун муҳим манба саналади. Муаллиф мазкур китобда мамлакатлар ҳақидаги энг муҳим маълумотларни бир жойга жамлаб, ўқувчига содда ва тушунарли услубда тақдим этган.
Китобнинг афзаллиги шундаки, унда давлатларнинг жўғрофик жойлашуви, давлат бошқаруви, тарихи, аҳолиси, иқтисодиёти, маданияти ҳамда Ўзбекистон билан ўзаро муносабатлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилган. Шу жиҳатдан қомусий асар нафақат маълумотнома, балки ўқувчиларнинг дунёқарашини кенгайтирувчи маърифий қўлланма вазифасини ҳам бажаради.
1 минг 200 саҳифалик “Дунё мамлакатлари” китоби айниқса талабалар, ўқитувчилар, тадқиқотчилар, саёҳат ихлосмандлари ва халқаро ҳаётга қизиқувчилар учун ғоят фойдали манба ҳисобланади. Асар ўқувчини дунё халқлари, уларнинг тарихи ва маданияти билан яқиндан таништириб, турли мамлакатлар ҳақида яхлит тасаввур ҳосил қилишга кўмаклашади. У ҳар бир хонадон, мактаб ва кутубхона жавонидан муносиб ўрин олишга арзийди.
Наманган давлат техника университети “Маърифат зали”да бўлиб ўтган китоб тақдимотида юртимизда ёш авлод ўртасида китоб ўқишга бўлган қизиқишни кучайтириш, мустақил фикрлайдиган, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Айни шу мақсадда йўлга қўйилган Миллий китобхонлик ҳаракатининг мазмун-моҳияти ҳамда Лазиз Раҳматовнинг “Дунё мамлакатлари” асари мутолааси юзасидан эълон қилинган кўрик-танлов ҳақида атрофлича сўз юритилди.
—Китоб ўқиган, билимга интилган ва эзгу маъноларни англаган миллат ҳеч қачон енгилмайди. Статистик маълумотларга қараганда, бугунги кунда дунё бўйича 570 мингдан ортиқ кутубхоналар бўлиб, уларнинг 470 мингга яқини Европа давлатлари ҳиссасига тўғри келади, — дейди Ўзбекистон Журналистлар ва Ёзувчилар уюшмалари аъзоси, “Дунё мамлакатлари” китоби муаллифи Лазиз Раҳматов. — Агар биз бугун болаларимизнинг қўлига яхши китоб берсак, эртага улар Янги Ўзбекистоннинг буюк келажагини барпо этишга қодир бўладилар. Юртимизда бошланган Миллий китобхонлик ҳаракатидан кўзланган мақсад айни шунга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Наманганлик ёшлар билан мулоқотларимиз давомида эртамиз эгалари орасида китобга ошно тутинган, китобхонлик тарғиботида фаоллик кўрсатаётган ўғил-қизлар кўплигидан мамнун бўлдик.
Миллий ғурурни уйғотадиган китоб тақдимоти тадбирларида иштирокчилар – ёшлар ва фаол китобхонлар “Дунё мамлакатлари” асари юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига муаллифдан атрофлича жавоблар олишди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА