Китоб – маърифат манбаи
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят Кенгаши томонидан Ёшлар ойлиги доирасида “Пайшанба – Ёшлар куни” муносабати билан меҳнат жамоаларида фаолият юритаётган 35 ёшгача бўлган ёш ходимлар ўртасида “Китоб - маърифат манбаи” дастури доирасида “Энг фаол ёш китобхон” танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Танловнинг очилиш маросимида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Хуршид Халилов сўзга чиқиб, мамлакатимизда китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёшларнинг маънавий-интеллектуал салоҳиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, китоб инсон маънавиятини бойитувчи, дунёқарашини кенгайтирувчи ва ҳаётда тўғри йўл танлашга хизмат қилувчи муҳим манба ҳисобланади.
Танлов давомида иштирокчилар ўзлари мутолаа қилган адабиётлар бўйича билимларини намойиш этиб, низомда белгиланган шартлар асосида беллашди.
Ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчиларнинг билим савияси, фикрлаш доираси, асарлар мазмунини таҳлил қилиш қобилияти ва китобхонлик маданияти баҳолаб борилди.
Якуний натижаларга кўра, 1-ўринни “Навоийазот” АЖнинг 57-цехи ходимаси Мафтуна Қосимова, 2-ўринни Ғозғон шаҳридаги 3-мактаб ўқитувчиси Муслима Умматова ва 3-ўринни Учқудуқ туманидаги 7-мактаб ўқитувчиси Зарина Акрамова эгаллади.

Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, фаол иштирокчилар диплом, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири