Китоб инсонни тарбиялайди
Мулоҳаза
Китоб ўқиш инсон тафаккурини чархлайди, дунёқарашини кенгайтиради, нутқнинг равон бўлишига ҳисса қўшади, муомала маданиятини ривожлантиради. Яна кўплаб яхши амалларга замин яратади.
Қуръондаги илк нозил бўлган “Иқро” сўзи ҳам араб тилидан таржима қилинганда “Ўқи!”, “Қироат қил!” ёки “Етказ!”, “Тарқат!” деган маъноларни англатади. Ислом динининг биринчи буйруғи ўқиш ва илм олиш бўлган. Бу инсониятни жаҳолат ботқоғидан фақат илм қутқара олишига ишорадир. Чин дилдан китоб ўқиган, ундан маънавий озуқа олган инсондан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди.

Мамлакатимизда ёшлар орасида китоб мутолаасига бўлган қизиқишни ошириш мақсадида тизимли лойиҳалар ўтказилмоқда. Президент совғаси учун ўтказилаётган “Ёш китобхон” танлови, маҳаллабай ташкил этилаётган китобхонлик мусобақалари бунга ёрқин мисолдир. Булардан кўзланган асосий мақсад шунчаки ғолибларни аниқлаш эмас, балки ёшлар орасида билимли, иқтидорли қатламни юзага чиқариш ва кенг оммани саводли қилишдир. Зеро, китобхон миллатни енгиб бўлмайди.
Хизматга келар чоғимда метро вагонида кўпчиликнинг нигоҳи телефон экранига қадалган, кимдир ўйин ўйнаб, кимдир ижтимоий тармоқлардаги мазмунсиз видеоларни томоша қилиб келаётган бир пайтда, икки нафар ёшнинг китоб мутолааси билан банд бўлгани диққатимни тортди.
Улардан бирининг қўлида америкалик машҳур ёзувчи Жек Лондоннинг “Мартин Иден” романи, иккинчисининг қўлида эса француз ёзувчиси Ги де Мопассаннинг “Азизим” асари эди. Бу шунчаки тасодиф эмас, балки бугунги ёшларимизнинг диди нақадар юксалаётганидан далолатдир. Чунки бу асарлар енгил-елпи эмас, балки инсон феъл-атворини, жамиятнинг ички зиддиятларини очиб берувчи жиддий фалсафий асарлардир.
Гаджетлар ва виртуал олам инсон онгини забт этаётган XXI асрда мана шундай жиддий адабиётларни қўлига олган ёшларни кўриш келажакка бўлган ишончимизни орттиради. Демак, ёшларимиз китоб ўқишга астойдил берилди. Бу ҳаракатларнинг натижаси, шубҳасиз, яқин йилларда ўз сўзини айтади.

Ўтган асрнинг 1975 йиллар орасида бўлса керак, мактаб давридаги уч ойлик таътилга чиққан пайтлар. Адабиёт муаллими Анвар ака таътилни бекорчиликда ўтказмасликни айтиб, китоб ўқишга даъват этиб, таътилдан кейин ўқиган китоб бўйича ёзма иш қабул қилишни уқтирган эди. Уч ой соя каби ўтди-кетди. Кўпчилик устознинг айтган гапи уч ойда эсидан чиқиб кетади деб ўйлаган эди. Ўқишнинг биринчи кунидаёқ устоз ҳар биримиздан бирма-бир ўқилган китоб ҳақида сўров ўтказди.
Таътил даврида бор-йўғи учта ўқувчи ўқиган китоби ҳақида сўзлаб берди. Мен ҳам шунда ўқиган “Тўрт дўст” номли китоб қаҳрамонларининг ҳаётидаги юз берган саргузаштларини ҳикоя қилиб бердим. Устоз бизни жуда олқишлади ва рағбат тариқасида бирданига синф журналига бешта беш баҳони ёзиб қўйди. Шундан сўнг синфдаги барча дўстларимда ҳам китоб ўқишга бўлган иштиёқ ортди. Бу оддий ҳол бўлса-да, китобга, илмга бўлган қизиқиш учун шунинг ўзи етарли эди.

Бугунги кунда эса китобхонликка, мутолаага бўлган қизиқиш ва меҳр жуда юқори. Кейинги пайтларда китобхон ёшларни кўп кузатяпман. Кўча-кўйда, жамоат жойларида қўлида китоб кўтарган ёшлар сафи кенгаймоқда. Яна ўзим учун яхши гумонда бўлдим. Қўлида телефон кўтарган ёшларни ҳаммаси ҳам ўйинлар билан банд эмас, ҳозирда китобларнинг электрон шакли ҳам бор, албатта.
Китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида кўплаб амалий ишлар қилинмоқда. Жумладан, метрополитеннинг қатор бекатларида “Турон китоб бекати” деб номланган лойиҳа доирасида маҳаллий ва хорижий муаллифларнинг асарлари жойлаштирилган китоб жавонлари ўрнатилгани ҳам бу борадаги эзгу ишларнинг бир кўриниши десак бўлади.

Йўловчилар китоб жавонидан исталган китобни олиб, бекатлар оралиғида ўқишлари ва уни аввалги жойига ёки худди шундай кутубхона мавжуд бўлган бошқа бекатларга қайтаришлари лозим. Бундан завқландим ва шахсий кутубхонамдаги айрим китобларни шу каби бекатлардаги жовонларга ҳадя тариқасида жойладим ва бундан китобхон юрт фарзандлари сафи кенгайишига озми-кўпми ҳисса қўшганимдан кўнглим тоғдек кўтарилди.
Бугун метрода китоб варақлаётган ҳар бир ёш эртанги кунимизнинг, маърифатли жамиятимизнинг пойдеворидир. Смартфонлар бизга маълумот бериши мумкин, аммо, фақат китобгина бизга тафаккур ва юксак маънавият бахш этади. Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш масофадан эмас, айнан ўз қўлимиздаги китобдан бошланади.
Китоб билан дўстлашган авлод жамиятни жаҳолатдан қутқаради ва Ватанимизни янада янги тараққиёт босқичига олиб чиқади.
Асрор Сулаймонов, ЎзА