“Китоб алмашиш” ярмаркаси ўтказилди
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида “Китоб алмашиш” ярмаркаси бўлиб ўтди.
Ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ривожлантириш, мутолаага бўлган қизиқишни ошириш ҳамда китоб алмашиш анъаналарини кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган тадбирда институтнинг ёш ходимлари ўзлари мутолаа қилиб бўлган бадиий, илмий-оммабоп, ҳуқуқий ва бошқа йўналишдаги китобларни ўзаро алмашди.
Бу эса иштирокчиларга янги асарлар билан танишиш, китоб фондини бойитиш ва китобхонликка бўлган қизиқишни янада ошириш имконини берди.

Тадбирда бугун дунё шиддат билан ўзгараётгани, рақамли технологиялар, замонавий гаджетлар ва сунъий интеллект ҳаётимизга тобора чуқур кириб келаётгани таъкидланди. Бундай мураккаб шароитда инсоннинг мустақил фикрлай олиши энг катта устунлик экани қайд этилди.

Таъкидланганидек, янги Ўзбекистонда мутолаа маданияти ва китобга эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилмоқда. Китобхонлик фақат таълим масаласи эмас, балки миллат келажаги, халқимизнинг маънавий қудрати ва мамлакат рақобатбардошлигини таъминлайдиган муҳим омил.

Шунингдек, мутахассисларнинг қайд этишича, ярмарка китобсеварларни бир майдонга жамлаб, билим ва тажриба алмашиш, мутолаа маданиятини ривожлантириш ҳамда ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этишга хизмат қилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА