Китоб-альбомнинг тақдимоти ўтказилди
Шимоли-ғарбий ҳарбий округда Ватан равнақи ва халқ фаровонлиги йўлида фидокорона хизмат қилган инсонларнинг ҳаёти ҳамда фаолиятини кенг тарғиб этишга бағишланган “Миллат фидойилари” китоб-альбомининг тантанали тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Мазкур маънавий-маърифий тадбирда округнинг масъул офицерлари, Қорақалпоғистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, Республика Маънавият ва маърифат маркази мутахассислари, ҳарбий хизматчилар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Таъкидланганидек, Ватан тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида фидокорона хизмат қилган инсонлар хотирасини эъзозлаш, уларнинг жасорати ва матонатини ёш авлод қалбига сингдириш бугунги куннинг энг муҳим маънавий вазифаларидан биридир.

Тақдимот давомида сўзга чиққанлар “Миллат фидойилари” китоб-альбоми халқимизнинг мард ва жасур фарзандлари ҳаёти ҳамда фаолиятини ёритувчи муҳим манба эканлигини алоҳида таъкидладилар. Ушбу асарда Ватан равнақи, юрт тинчлиги ва халқ осойишталиги йўлида жонбозлик кўрсатган фидойи инсонларнинг ибратли ҳаёт йўли акс эттирилган бўлиб, у ёшлар қалбида юксак ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришга хизмат қилади.

Тадбирда миллат тақдири ва келажаги учун масъулиятни чуқур ҳис этган инсонлар ҳар қандай даврда халқнинг маънавий таянчи бўлиб келган. Уларнинг жасорати, машаққатли меҳнати ва юртга садоқати бугунги авлод учун ҳам юксак намуна вазифасини ўтайди. Китоб-альбом ана шундай улуғ фазилатларни тарғиб этувчи бебаҳо маънавий мерос сифатида эътироф этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси вакиллари томонидан миллий қадриятлар, тарихий хотира ва маънавий меросни асраш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Улар ёшларнинг қалбида Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва аждодларга муносиб бўлиш ҳиссини мустаҳкамлашда бундай нашрларнинг ўрни беқиёс эканлигини қайд этдилар.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири