Кинотеатр, черков ва оқ бўёқ: Европа иссиққа қарши курашмоқда
Европада ҳаво ҳарорати рекорд даражага чиқар экан, айрим шаҳарлар аҳолини жазирамадан ҳимоя қилиш учун ғайриоддий чораларга мурожаат қилмоқда. Парижда ёшлар ва кексаларга совутгичли кинотеатрларга бепул чипта тарқатилмоқда. Бельгиянинг айрим ҳудудларида эса ўқувчилар имтиҳонни салқин черковда топширяпти. Нидерландияда аҳоли учун махсус “совутиш нуқталари” ташкил этилган.
Францияда энг қизиқ ҳолат қурилиш дўконида кузатилди. Одамлар “Блан де Мёдон” деб аталувчи оқ кукунни оммавий равишда сотиб олмоқда. Сув қўшиб ойнага суртиладиган ушбу аралашма қуёш нурини қайтариб, хона ҳароратини пасайтиради. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари маълумотига кўра, бундай маҳсулотга талаб кескин ошган.

Испанияда эса аҳоли сув ҳавзаларига ошиқмоқда. Сарагоса ва Уэска шаҳарларида бассейндан фойдаланиш нархи арзонлаштирилди, Логроньода иссиқ тўлқин кузатилган пайт сув ҳавзасига кириш мутлақо бепул. Баъзи туманларда фавворалар тунгача ишлаяпти, кўчаларга сув пуркагич ўрнатилган. Юқори ҳарорат ва ёнғин хавфи туфайли кўплаб ҳудудларда анъанавий байрам гулхани, фейерверк бекор қилинди.

Италия ва Германияда асосий эътибор хавфсизликка қаратилган. Айрим жойларда куннинг энг иссиқ вақти қурилиш ва қишлоқ хўжалиги юмушлари чекланмоқда. ГФРда почта ходимларига енгил кийим берилган, ўрмон хизмати ёнғин хавфи кескин ошганидан огоҳлантирмоқда. Об-ҳаво мутахассислари эса яқин кунларда кўҳна қиттъанинг айрим давлатларида ҳарорат 40 даражагача кўтарилиши эҳтимолини истисно қилмаяпти.
Мусулмон Зиё, ЎзА