“Кимёвий ажал” мусодара қилинди
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жамоат хавфсизлигига жиддий таҳдид солувчи ҳолатнинг олди олинди. Тадбир жараёнида ноқонуний айланмага чиқарилиши режалаштирилган қарийб 6 килограмм заҳарли симоб моддаси аниқланиб, мусодара қилинди.
Маълумотларга кўра, ушбу хавфли кимёвий модданинг қиймати тахминан 240 минг АҚШ долларига тенг. Мутахассисларнинг таъкидлашича, симоб инсон саломатлиги ва атроф-муҳит учун ўта зарарли моддалардан бири ҳисобланади. Шу боис у халқ орасида “кимёвий ажал” номи билан ҳам тилга олинади.
Тезкор ҳаракатлар натижасида мазкур заҳарли модданинг ноқонуний тарқатилишига чек қўйилди ҳамда эҳтимолий салбий оқибатларнинг олди олинди. Бу каби тадбирлар аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва жиноятчиликка қарши курашишда муҳим аҳамият касб этади.
Айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан тегишли тартибда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.