Ким Чен Ин ядровий дастурни янада тезлаштирмоқчи
Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин мамлакат ядровий салоҳиятини жадал суръатларда кенгайтириш вазифасини қўйди.
Бу ҳақда давлат ахборот агентлиги KCNA янги ядровий материал ишлаб чиқариш корхонасига қилинган ташрифдан сўнг хабар тарқатди. Пхеньяннинг таъкидлашича, сўнгги беш йил ичида қурол учун мўлжалланган ядровий материал ишлаб чиқариш ҳажми икки баравардан ошган.
Ташриф давомида Ким Чен Ин янги технологиялар жорий этилган ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишган. Шунингдек, амалдаги кўрсаткичлар ва келгуси режалар ҳақида ҳисобот эшитган. Давлат матбуоти эълон қилган суратларда у цилиндр шаклидаги ускуналар жойлашган мажмуа ичида кўринган.
Пхеньян ядровий қуроллар дастурини кучайтириш заруратини ташқи хавфлар ва узоқ муддатли қарама-қаршиликлар билан изоҳламоқда. Ким Чен Ин мамлакатнинг ядровий тийиб туриш салоҳиятини янада мустаҳкамлаш сиёсати ўзгармаслигини билдирган. Шу куни ядровий кучларни ривожлантиришга бағишланган махсус йиғилиш ҳам ўтказилган.
Жанубий Корея ҳарбийлари фикрича, Ким ташриф буюрган объект уран бойитиш мажмуаси бўлиши мумкин. Айрим таҳлилчилар эса бу қадам эҳтимолий дипломатик музокаралар олдидан Пхеньяннинг позициясини мустаҳкамлашга қаратилганини айтмоқда. Хусусан, Хитой раҳбари Си Цзиньпиннинг эҳтимолий ташрифи ҳақидаги тахминлар ҳам муҳокама қилинмоқда.
Экспертлар Шимолий Корея ҳозир тахминан 50 та ядровий жанговар каллакка эга бўлиши мумкинлигини қайд этади. Бироқ мамлакат расман ўз арсенали ҳажми ҳақида ҳеч қачон маълумот бермаган. Шу сабабли Пхеньяннинг ҳақиқий ядровий имкониятлари ҳали ҳам халқаро ҳамжамият учун муҳим савол бўлиб қолмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА