Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси томонидан Яшнобод тумани солиқ инспекциясида пойтахтимизда фаолият юритаётган кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Тадбирда шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи кичик ва ўрта бизнес вакилларининг мамлакат иқтисодий ривожидаги муҳим ўрни, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, солиқ қонунчилигига киритилган ўзгаришлар ҳамда тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги тўғрисида сўз юритди.


Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 19 март куни кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан соҳанинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш ва ривожланишини янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланган учрашувида белгиланган мақсад ва вазифалар тўғрисида маълумот ҳам берилди.


Қайд этиш жоизки, кичик ва ўрта бизнес юртимизда иш ўрни, инвестиция, инновация, рақобат, қўшилган қиймат ва экспортни кўпайтиришга энг катта туртки бераётган йўналиш ҳисобланади. Шу боис мазкур йўналишда фаолият юритаётган ишбилармонлар сафини янада кенгайтириш, фаолиятини ривожлантиришда бизнес вакилларининг мавжуд муаммо ва таклифларини ўрганиш ҳамда уларга ечим топиш муҳим аҳамиятга ега.
Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган учрашувда кичик ва ўрта бизнес тадбиркорларнинг солиқ ҳисоботларини топшириш, имтиёзлардан фойдаланиш бўйича таклифлари тингланиб, ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.


Б.Худойбердиев, ЎзА