Кичик ускуналар орқали катта даромад манбаини яратиш имконияти тақдим этилди
Президент ташаббуслари – амалда
Сўнгги йилларда мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш ва аҳолини доимий даромад манбаи билан таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Ушбу мақсадларга эришиш учун ҳудудларга кенг ваколатлар ва молиявий имкониятлар берилди. Ҳар бир оила ва хонадон билан манзилли ишлаш тизими йўлга қўйилди.
Амалга оширилган амалий ишлар аллақачон ўз натижасини бермоқда. Йил бошида мамлакатда камбағаллик даражаси 5,8 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб бу кўрсаткич 3,9 фоизга тушди. Эҳтиёжманд аҳоли сони 2 миллион 200 минг нафардан 1,5 миллион нафаргача камайди. Ишлар тўғри ташкил этилиши натижасида 49 та туман ва 3 минг 429 та маҳалла ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудларга айланиб бормоқда.
Президентимиз раислигида 3 сентябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш вазифалари белгилаб берилган эди. Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш, шунингдек, ҳудудларда кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида муҳим амалий тадбир ташкил этилди. Бугун бу ерда мини технологиялар ярмаркаси бўлиб ўтди.

Ярмарка “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ, Тошкент вилояти “Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази” ҳамда Тошкент вилояти Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ўтказилди. Тадбирда ёшлар, ишсиз фуқаролар, ўз бизнесини бошлаш ёки мавжуд фаолиятини кенгайтириш истагида бўлган барча фуқаролар ва тадбиркорлар иштирок этди.
Тадбирнинг асосий мақсади аҳоли ўртасида тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришдан иборат. Шунга мос равишда, ишсиз ва кам даромадли фуқароларга ўз даромад манбасини яратишга ёрдам берилмоқда. Ярмаркада уй шароитида ва кичик цехларда ишлатишга мос келадиган турли мини ускуна ва технологиялар намойиш этилди. Бу ускуналар бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга қаратилган.

– Муҳим томони шундаки, иштирокчилар ускуналарни шунчаки томоша қилишмади, – дейди Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази директори Алишер Муҳаммаджонов. – Улар технологияларнинг ишлаш жараёнини бевосита жойида кўриб чиқдилар. Ҳар бир ускунанинг ишлаб чиқариш қуввати ва сарф-харажати атрофлича тушунтирилди. Фуқаролар қанча даромад олиш мумкинлигини мутахассислар билан биргаликда ҳисоб-китоб қилиш имконига эга бўлишди. Тегишли молия муассасалари ва идоралар вакиллари ускуна ишлаб чиқарувчилар ҳамда харидорлар ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажаришди.
Тадбир давомида иштирокчилар ўз имкониятларига мос лойиҳалар бўйича мутахассислар ва масъуллар билан юзма-юз мулоқот қилишди. Фуқароларга лизинг ва имтиёзли кредит шартлари асосида мини технологияларни харид қилиш тартиблари атрофлича тушунтирилди. Ярмарканинг амалий самараси сифатида кўплаб фуқаролар ва тадбиркорлар мини технологияларни сотиб олиш бўйича дастлабки шартномаларни жойида расмийлаштиришди.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири