Кичик ўсмирларимиз Осиё чемпионатини 27 та медаль билан якунлади
Тошкент мезбонлик қилаётган бокс бўйича Осиё чемпионатида кичик ўсмирлар ўртасидаги беллашувларнинг финал баҳслари ўз якунига етди. U15 ёш тоифасида ўтган беллашувлар якунига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси 13 та олтин, 8 та кумуш ва 6 та бронза, жами 27 та медаль жамғариб, қитъамизда тенгсиз эканини яна бир бор намойиш этди.
Мусобақа давомида Фаёзбек Норалиев, Жасурбек Хайруллаев, Мансурбек Абдуҳамитов, Сардорбек Омонбоев, Жавоҳир Неъматжонов, Самандар Жўрабоев, Иброҳим Мирзакаримов, Одина Юсупова, Сарвиноз Зоирова, Зебинисо Абдуллаева, Баҳора Маҳмуджонова, Малика Улуғбекова ва Заҳро Даниярова ўз вазн тоифасида барча рақибларини енгиб олтин медалга сазовор бўлди.

Шунингдек, финалга қадар ўтган беллашувларда муваффақиятли иштирок этган Бобурмирзо Муродов, Абдуллоҳ Каримжонов, Азизбек Эгамберганов, Ўлмасбек Сатимов, Оминахон Носирова, Муқаддас Зокирова, Шаҳона Муллажонова ва Хонзодабегим Баратова кумуш медаль билан тақдирланди. Шамшод Комилов, Адизбек Илҳомбеков, Бобур Ниязов, Сарвиноз Рисқулова, Наргиза Серикбаева ҳамда Зуҳра Исмоилова термамиз ҳисобига бронза медални келтирди.
Дарвоқе, чемпионатнинг "Энг яхши жамоаси" этиб Ўзбекистон термаси топилди. Ушбу махсус кубокни жамоамиз Бош мураббийи Хулио Ли Эччавария ҳамда катта мураббий Сирожиддин Наимов "Asian Boxing" ташкилоти президенти Пичаи Чунҳаважира ва Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, "Asian Boxing" ташкилоти вице- президенти Сакен Полатовдан қабул қилиб олди.
Осиё чемпионатининг бугунги дастуридан ўсмирлар (U 17) иштирокидаги финал баҳслари ўрин олган. Ушбу босқичга вакилларимиздан умумжамоа ҳисобида энг кўп 16 нафар боксчи етиб келган.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА