Ўзбекистонда фойдадан олинадиган солиқ ставкаси 1995-2016 йилларда 38 фоиздан 7,5 фоизга туширилди
Солиқ ставкасининг бундай сезиларли пасайтирилиши хўжалик юритувчи субъектларга ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳсулот ва хизматлар экспортини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш имконини бермоқда.
Солиқ ставкасининг бундай сезиларли пасайтирилиши хўжалик юритувчи субъектларга ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳсулот ва хизматлар экспортини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш имконини бермоқда.Мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорлик, иқтисодиёт ўсишининг юқори суръатлари таъминланаётгани аҳолининг турмуш даражаси сифати муттасил ошишига замин яратаётир. Бу борадаги ислоҳотлар самаралари халқаро молия институтлари ва жаҳон ҳамжамияти томонидан юқори баҳоланмоқда.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, мустақилликка қадар юртимизда умуман мавжуд бўлмаган, бугунги кунда жамиятимизнинг қудратли таянчига айланиб бораётган ўрта синф – мулкдорлар синфи жадал ривожланди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 56,5 фоизга етди. Айни шу тармоқда иш билан банд аҳолининг 77,9 фоизи меҳнат қилиб, мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётир.
– 2016 йилнинг биринчи ярмида беш юз мингга яқин янги иш ўрни яратилган бўлса, унинг салмоқли қисми кичик бизнес ҳиссасига тўғри келади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси юридик шахсларга солиқ солиш бош бошқармаси бошлиғи Ҳамиджон Ҳабибиддинов. – Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратилаётгани, уларнинг ҳуқуқий эркинлигини таъминлашга қаратилган изчил сиёсат олиб борилаётгани бунга кенг йўл очди.
Фаолият юритаётган субъектлар борки, улар молиявий жиҳатдан солиқ тизими билан узвий боғлиқ. Солиқ ҳисоботи топшириш, солиқ тўлаш, текширишлар ўтказиш ва бошқа ҳолатларда қулайлик яратилиши улар эркин фаолият юритишининг муҳим омилидир. Бу жиҳатларга доимий эътибор қаратилиб, солиқ юки йилдан-йилга енгиллаштирилаётгани туфайли тадбиркорлик жадал ривожланмоқда.
Бу йўналишда солиқ сиёсатини янада либераллаштириш, солиққа тортиш тартибини соддалаштириш, солиқ юкини пасайтириш, хўжалик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларнинг молия-хўжалик фаолиятларига ноқонуний аралашишга чек қўйиш бўйича чоралар мажмуи амалга оширилди.
Буни аниқ рақамларда кўриш мумкин: ҳозирги пайтда кўплаб мамлакатларда корхона ва муассасалар фойдасидан олинадиган солиқ ставкаси ўртача 12,5-39,5 фоизни ташкил этаётган бир пайтда Ўзбекистонда бу кўрсаткич 1995-2016 йиллар мобайнида 38 фоиздан 7,5 фоизга туширилди.
Солиқ ставкасининг бундай сезиларли даражада пасайтирилиши хўжалик юритувчи субъектлар учун ишлаб чиқаришни модернизация қилиш имконини бермоқда. Бу айланма маблағларни кўпайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳсулот ва хизматлар экспортини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш учун шароит яратаётир.
Солиқ соҳасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар солиқ тўлашдан бош тортиш ва даромадларни яшириш даражасини кескин пасайтирди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш чоралари туфайли 2010-2015 йилларда рўйхатга олинган (фермер ва деҳқон хўжаликларидан ташқари) субъектлар сони 193 минг 800 дан қарийб 226 мингга етди. Маҳсулот ва хизматларнинг ялпи ички маҳсулот ҳажмидаги улуши кейинги ўн йилда 1,8 баробарга ошди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг тезкор ривожланишига ижобий таъсир қилган муҳим омиллардан бири – солиққа тортишнинг соддалаштирилган тизими жорий этилганидир. Масалан, сўнгги йилларда микрофирма ва кичик корхоналар томонидан тўланаётган ягона солиқ тўлови ставкаси кескин пасайтирилди. 2016 йилдан бошлаб иқтисодиёт тармоқларида хизмат кўрсатувчи корхоналарда ягона солиқ тўловининг ставкаси 5 фоизга туширилди.
Президентимиз раҳбарлигида ишлаб чиқилган Инқирозга қарши чоралар дастури асосида қабул қилинган қўшимча чораларга мувофиқ соҳага яна бир қатор имтиёз ва преференциялар берилди. Хусусан, жисмоний шахсларнинг микрофирма ва кичик корхоналарни таъсис этишдан оладиган дивиденд кўринишидаги даромадлари, юридик шахсларнинг капиталлашувга, инвестицияларга, илгари олинган кредитлар бўйича ҳисоб-китоб қилишга йўналтирилган маблағлари беш йил давомида солиқдан озод қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш йўлидаги мавжуд тўсиқларга барҳам беришга хизмат қилмоқда.
Шу асосда микрофирма, кичик корхона ва фермер хўжаликлари фаолиятига оид барча текширувлар режали тартибда назорат органлари томонидан тўрт йилда бир марта амалга оширилмоқда. Бошқа хўжалик субъектларида фақат Ўзбекистон Республикаси Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши қарорига асосан уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган тартибда амалга оширилади. Молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ўтказиш муддати 10 календарь кунидан ошмайди. Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар фақат сўнгги текширувдан кейинги даврни қамраб олади. Қўзғатилган жиноий ишлар муносабати билан хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъект жалб этган адвокатлар иштирокида амалга оширилади.
Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш жиноятини биринчи марта содир этган, бу ҳолат аниқлангандан кейин 30 кун ичида давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплаган, пеня ва бошқа турдаги молиявий санкцияларни тўлаган шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилмайди ва у жавобгарликдан озод қилинади.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган бундай чора-тадбирлар аҳоли фаровонлигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, маҳсулот ва хизматлар бозори мўл-кўллиги ва сифати ошишига олиб келмоқда.