Кичик бизнес учун янги имкониятлар
Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 26 майдаги “Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги фармони тадбиркорлик субъектлари фаолиятини рағбатлантиришнинг янги босқичини бошлаб берди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар жараёнида иқтисодиётимизнинг асосий таянси ва суянчи бўлган тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Республика Солиқ қўмитаси раҳбарияти томонидан Наманган шаҳридаги “Oydin Plaza” меҳмононаси анжуманлар залида мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ўтказилган учрашувда белгиланган янги тартиблар ва тадбиркорлар учун яратилаётган имкониятлар хусусида батафсил маълумотлар берилди.

– Бизни қизиқтирган асосий масалалардан бири қўшилган қиймат солиғи, яъни ҚҚС бўйича янги тартиб бўлди. 2030 йилгача ушбу соддалаштирилган тизимни ихтиёрий танлаш имконияти яратилаяпти экан, – дейди бизнес субъектларидан бирининг ҳисобчиси Бобур Ўрмонов. – Қўшилган қиймат солиғининг олти фоиз, фойда солиғининг эса ноль фоиз этиб белгиланиши тадбиркорлар учун жуда катта енгиллик деб ҳисоблайман. Бу бизга фаолиятимизни янада кенгайтириш ва янги лойиҳаларни амалга оширишга туртки беради.

Ошкора ва самимий руҳда кечган мулоқот давомида ишбилармонлар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан мурожаат қилиб, мутахассислардан атрофлича жавоблар олишди.
Эътироф этиш ўринлики, илгарилари тадбиркорлар муаммони ҳал этиш учун раҳбар билан учрашишни ойлаб кутган. Бугунги кунда эса амалдорларнинг ўзлари бизни эшитиш учун учрашувлар ташкил этяпти. Каттами, кичикми бизнес вакилларига бирдек эътибор қаратилаётгани оддий фуқаролар орасидан ҳам тадбиркорликка қизиқиб, қўл ураётганлар сони ортишига сабаб бўлмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири