Мамлакатимизда ўтказилаётган “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” доирасида Сурхондарё вилоятида ҳам учрашув, давра суҳбати ва бошқа тадбирлар ташкил этилмоқда.
Маҳалла, ташкилот, корхона ва муассасалар, аҳоли гавжум бошқа жойларда бўлиб ўтаётган тадбирларда иштирокчиларнинг рақамли саводхонлиги оширилиб, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, интернет фирибгарликларидан огоҳ бўлиш каби муҳим мавзулар юзасидан тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

– Кибержиноятларнинг аксарияти фуқароларнинг шахсий ва банк маълумотларига нисбатан эътиборсизлиги сабабли юз бермоқда, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари, подполковник Фарҳод Тошбоев. – Бу масалада аҳоли ўртасида кенг кўламли тушунтириш, огоҳлантириш ишлари олиб борилишига қарамай, айрим юртдошларимиз фирибгарлардан жиддий азият чекмоқда. Шу боис ойлик давомида аҳолининг рақамли саводхонлигини янада ошириб, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш кўникмаларини мустаҳкамлашга, интернет фирибгарликларидан огоҳ бўлишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тошкент давлат тиббиёт университети Термиз филиалида ташкил этилган тадбирда ҳам мазкур ойликнинг мазмун-моҳияти, киберхавфсизликнинг аҳамияти, кибержиноятларнинг турлари, уларнинг содир этилиш усуллари, интернетда учрайдиган фирибгарлик схемалари ва ҳимояланиш чоралари ҳақида атрофлича сўз юритилди.


– Бу жараёнда жиноят қурбонига айланмаслик учун ҳар хил алдовларга ишонмаслик, ижтимоий тармоқларда шахсий маълумотларни ошкор этмасликка ҳам алоҳида аҳамият бериш керак, – дейди Тошкент давлат тиббиёт университети Термиз филиали профилактика инспектори, катта лейтенант Муслимбек Қамариддинов. – Учрашувда мутахассислар шу мавзуда фикр алмашиб, талаба-ёшларга шубҳали ҳаволаларга кирмаслик, ишончсиз манбалардан дастур ва иловаларни юклаб олмаслик, пароллардан тўғри фойдаланиш каби масалаларда ўз тавсияларини билдиргани эътиборга сазовор бўлди.
Тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири