Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича қандай ишлар қилинди?
Ҳозирги пайтда Андижон вилояти аҳолисининг 49,4 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Вилоятдаги иш билан банд аҳолининг 824 минг нафари, яъни 50,8 фоизи айнан опа-сингилларимиздир.
Ҳозирги пайтда Андижон вилояти аҳолисининг 49,4 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Вилоятдаги иш билан банд аҳолининг 824 минг нафари, яъни 50,8 фоизи айнан опа-сингилларимиздир.
Андижон вилояти ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан аёллар бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
– 2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури доирасида вилоятда хотин-қизлар учун 32 минг 313 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган, – дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова. – Дастур доирасида, шунингдек, давлат ва хўжалик субъектлари томонидан амалга оширилган лойиҳалар асосида жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида опа-сингилларимиз учун 25 минг 990 та янги иш ўрни яратилди. Бундан ташқари, 43 минг 607 нафар аёл пиллачилик соҳасида кафолатланган иш ўрнига эга бўлди.
Туман, шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига иш сўраб мурожаат қилган 7 минг 117 та, шунингдек, аҳоли хонадонларини ўрганиш давомида оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган ва биринчи навбатда иш билан таъминлаш зарур бўлган 4 минг 969 нафар хотин-қиз аниқланиб, аксариятининг бандлиги таъминланди. Жумладан, бандлиги таъминланган хотин-қизларнинг 13 минг 8 нафари корхона, ташкилотлардаги бўш иш ўринларига, 5 минг 744 нафари янги ташкил этилган корхоналарга, 7 минг 238 нафари бошқа турли йўналишларда ишга жойлаштирилди.
Улуғнор, Бўз, Марҳамат туманларида енгил конструкцияли тикувчилик мажмуалари барпо этилиб, ишга туширилиши ҳисобига 900 та янги иш ўрни яратилди. Мазкур йўналишда Андижон, Шаҳрихон туманларида ҳам иш олиб борилмоқда. Йил охирига қадар ана шу туманларда тикувчилик мажмуалари ишга туширилиб, яна 600 нафар хотин-қиз бандлиги таъминланади. Жумладан, Марҳамат туманидаги Иқболхон Исроилова раҳбарлигидаги “Иқбол-сервис”, Робияхон Эгамёрова раҳбарлигидаги “Шаҳристон”, Мавлудахон Шодмонова раҳбарлигидаги “Шаҳноза-текстиль” тикувчилик мажмуалари ана шулар жумласидандир.
Жорий йилнинг ўтган даврида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги хотин-қизларнинг рўйхати шакллантирилиб, уларга зарур амалий ёрдам кўрсатилди. Шу кунга қадар 2 минг 889 нафар аёлга 189 миллиард 116 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Жумладан, вилоятдаги банклар томонидан тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи ва ривожлантирмоқчи бўлган 2 минг 446 нафар аёлга 177 миллиард 736 миллион сўм миқдорида кредит тақдим этилди.
– Ўз маблағим ҳамда банкдан олинган 200 миллион сўм миқдоридаги кредит ҳисобига маҳалламизда трикотаж корхонасини ишга туширдим, – дейди Андижон тумани Чўмбоғич маҳалласидаги “Фарзона-ишонч текстил” корхонаси раҳбари Шаҳноза Мақсудова. – Айни кунда корхонамизда бир неча турдаги трикотаж маҳсулотлари тайёрланмоқда. Энг асосийси, маҳалладаги 22 нафар ишсиз хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди.
Хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида тақдим этилган 443 та лойиҳани амалга ошириш учун 11 миллиард 380 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Мазкур йўналишдаги ишлар натижасида 2500 нафардан зиёд хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.
Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари томонидан ажратилган кредитлар ҳисобига биргина Асака тумани Обод маҳалласида тикув-трикотаж, кўрпа-ёстиқ тикиш цехларининг ишга туширилиши ҳисобига 110 та янги иш ўрни барпо этилди.
Вилоятнинг чекка ва иш ўринлари кам бўлган ҳудудларида аёллар бандлигини таъминлаш бўйича ҳам зарур ишлар олиб борилди. Ана шу ҳудудларда қатор лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳисобига кўплаб хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратилди.
Хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошида Аёллар тадбиркорлик маркази фаолияти йўлга қўйилди. Марказ томонидан туман ва шаҳарларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги хотин-қизлар учун ўқув-семинарлар доимий равишда ўтказиб келинмоқда.
Вилоят, туман, шаҳар хотин-қизлар қўмиталари томонидан “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда норасмий фаолият олиб бораётган ҳунарманд хотин-қизларнинг фаолиятини расмийлаштириш борасида ҳам ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ўтган давр мобайнида норасмий иш олиб бораётган 484 нафар ҳунарманд аёл уюшма аъзолигига қабул қилинди. Умуман, бугунги кунда 556 нафар ҳунарманд аёлдан 1 минг 796 нафар хотин-қиз “Устоз-шогирд” анъанаси асосида ҳунар ўрганмоқда.
Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан Марказий банк вилоят бошқармаси Марҳамат, Шаҳрихон, Қўрғонтепа туманларида фаолият олиб бораётган 403 нафар ҳунарманд аёлга 3 миллиард 490 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратди. Натижада 500 нафардан ортиқ хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.
Бир сўз билан айтганда, вилоятда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича белгиланган ишлар тизимли ва режа асосида олиб борилмоқда. Амалга оширилаётган ана шу ишлар натижасида ишсиз хотин-қизлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 29,2 фоизга камайган.