Хотин-қизлар арзон уй-жойларга эга бўлиши учун қанча маблағ йўналтирилди?
Юртимизда давом этаётган карантин муносабати билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.
Юртимизда давом этаётган карантин муносабати билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2020 йил 3 апрелда қабул қилинган «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига кўра жорий йилнинг март - июнь ойларида тўлаш муддати тугайдиган болалари бўлган оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдамлар тўлаш муддати олти ой муддатга танаффуссиз давом эттирилади.
Бунда фарзандлар нафақа бериш учун белгиланган ёш чегараси, яъни 2 ва 14 ёшга тўлган тақдирда, бу нафақалар бериш тўхтатилади.
Албатта, айни вақтда хотин-қизларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш борасидаги ишлар ҳам давом этмоқда.
– Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги қарорига кўра, махсус комиссия ҳудудлардаги оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ҳамда уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож хотин-қизларнинг рўйхатини шакллантириб, ўрнатилган тартибда иш олиб бормоқда, – дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Саодат Боймирзаева. – Жорий йилда ана шундай махсус комиссия танловидан ўтган 1586 нафар хотин-қизлар рўйхати шакллантирилди. Уларга ажратилган арзон уй-жойларнинг 10 фоиз миқдоридаги бошланғич бадалини тўлаб бериш учун Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасидан 34 миллиард 225 миллион сўм йўналтирди.
Ҳозирда Қорақалпоғистон Республикасидаги юз нафарга яқин оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизларнинг арзон уй-жойлар олиши учун жамғарма 1 миллиард 500 миллион сўм миқдорида бошланғич бадалларни тўлаб берди. Қолган ҳудудлар бўйича белгиланган ишлар эса босқичма - босқич амалга оширилмоқда.
Қайд этиш керакки, юртимизда хотин-қизларни моддий қўллаб-қувватлаш борасида яна бир қатор йўналишлар мавжуд. Мисол учун, ногиронлиги бор хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш. Хусусан, жорий йилда 5579 нафар ногиронлиги бор хотин-қизларга 2250 та ногиронлик аравачаси, 1357 та эшитиш мосламаси, 1972 та реабилитация воситалари етказиб бериш кўзда тутилган. Бунинг учун Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан 7 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилиши режалаштирилган.
Албатта, хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббуслари ҳам эътиборда. Бунда 6 ойлик имтиёзли даврни ўз ичига олган 3 йилдан кам бўлмаган муддатга кредитлар ажратилиши йўлга қўйилган. Бунинг учун Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар йили 100 миллиард сўм миқдоридаги кредит ресурс йўналтирилади. Ҳозирги кунда мазкур мақсадлар учун «Халқ банки»га 42 миллиард ҳамда «Микрокредитбанк»ка 25 миллиард сўм йўналтирилди.