Хонободдан Мўйноққа пиёда чиққан фуқаро Тўрткўлга етиб келди
Жорий йилнинг 1июль санасида Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридан Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманига пиёда йўлга чиққан фуқаро Соҳиб Ражабов орадан 2 ой 5 кун ўтиб Тўрткўл шаҳрига етиб келди.
Жорий йилнинг 1июль санасида Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридан Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманига пиёда йўлга чиққан фуқаро Соҳиб Ражабов орадан 2 ой 5 кун ўтиб Тўрткўл шаҳрига етиб келди. Фуқаронинг 2200 км масофани ташкил қиладиган маршрут бўйлаб юришидан мақсад Ўзбекистоннинг қанчалик хавфсиз давлат эканлигини исботлаш ва юртимизнинг туристик салоҳиятини кўрсатишдир.
Соҳиб Ражабов ўзининг телеграм мессенжеридаги “Пешком по Узбекистану” (https://t.me/BezGosUzb) каналида Тўрткўл туманига етиб келганлигини маълум қилган. Тўрткўлдан Мўйноққача яна 400 кмга яқин масофани босиб ўтиши керак. У кўп пиёда юрганлиги сабабли йўлда бир неча бор тўхтаб, шифохонада даволанишига тўғри келган.
Соҳиб йўл бўйи кўрган-билганларини расмга тушириб, ўз каналига жойлаштириб бормоқда. Жумладан, 3 йилдан буён бутун дунёни велосипедда сайр қилиб юрган япониялик Нао ҳамда Канада ва Украинадан Бухоро билан Самарқандни кўриш учун велосипедда келаётган хорижлик меҳмонлар билан учрашганини ҳикоя қилган.