“KHISO” олимпиадаси
1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Бухоро вилояти Ғиждувон туманида ёшларни илм-фанга кенг жалб этиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини намоён этиш ҳамда иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган нуфузли тадбир — математика фанидан “KHISO” (KHWARIZMI INTERNATIONAL SCHOOL OF OLYMPIADS) олимпиадаси ташкил этилди.
Мазкур билимлар беллашувида республикамизнинг турли ҳудудларидан келган қарийб 1000 нафар иқтидорли ўқувчи иштирок этди. Олимпиада ёшларга ўз билим ва салоҳиятини намоён қилиш, тенгдошлари билан тажриба алмашиш ҳамда янги ютуқлар сари интилиш учун муносиб майдон вазифасини ўтади.

Билимлар синови давомида иштирокчилар математик масалаларни ечишда юқори даражадаги мантиқий фикрлаш, таҳлил қилиш, тезкор қарор қабул қилиш ва мураккаб вазифаларга ижодий ёндашиш қобилиятларини намойиш этди. Бу эса уларнинг келажакда илм-фан ва инновациялар соҳасида юксак натижаларга эришишлари учун мустаҳкам замин яратади.

Тадбирнинг асосий мақсади ёш авлоднинг фанга бўлган қизиқишини ошириш, уларни мустақил фикрлашга ундаш, иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлашдан иборат бўлди. Шунингдек, олимпиада орқали математика фанининг аҳамиятини кенг тарғиб қилиш ва мамлакатимизда интеллектуал муҳитни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ғолиблар тантанали равишда диплом, сертификат ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири