Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан тегишли таълим вазирликлари билан ҳамкорликда мамлакатимиздаги таълим муассасаларида янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати ўрганилмоқда ҳамда тегишли тавсиялар берилмоқда.
Бугунги кунда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан тегишли таълим вазирликлари билан ҳамкорликда мамлакатимиздаги таълим муассасаларида янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати ўрганилмоқда ҳамда тегишли тавсиялар берилмоқда.
Хусусан, Халқ таълими муассасаларида янги ўқув йилига тайёргарлик бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталадиган бўлсак, тизимдаги таълим муассасаларида шароитларни яхшилаш, уларни янги ўқув йилига тайёрлаш мақсадида Халқ таълими вазирлигининг 2020 йил 28 майдаги 135-сонли буйруғи билан ҳаракатлар дастури тасдиқланиб, ижрога йўналтирилган.
Мазкур дастурга кўра мактабларни янги ўқув йилига тайёрлашнинг қуйидаги асосий йўналишлари белгиланган:
· Ўқув биноларини таъмирлаш ва мактаб ҳудудини ободонлаштириш;
· Синфларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш;
· Ўқувчиларни дарсликлар, ўқитувчиларни услубий қўлланмалар билан таъминлаш;
· Ўқув жараёнининг педагогик ва методик таъминотини яхшилаш;
· Ўқув жараёнида АКТ дан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш;
· Таълим сифатини яхшилаш юзасидан чора-тадбирлар.
Бугунги кунда умумтаълим мактабларининг янги ўқув йилига тайёр ҳолатга келтирилиши бўйича ҳудудларнинг режа-графиги тасдиқланган. 2020 йилда республика бўйича жами 84 872 ўқувчи ўрнига мўлжалланган 315 та мактабларда қурилиш таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
2020-2021 ўқув йили учун мактабларнинг 1-синфига қабул жорий йилнинг июль-август ойларида режалаштирилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра янги ўқув йилида 650116 нафар болалар 1-синфга қабул қилиниши кутилмоқда. Анъанага кўра улар учун «Президент совғаси» сифатида ўқув жиҳозлари ва дарсликлар берилиши режалаштирилган.
2020 йил 15 июндан ўқувчилар учун "Online repetitor«, »Online toʼgarak", ўқитувчилар учун "Online kasbiy rivojlantirish"йўналишларида телевизион машғулотлар эфирга узатилмоқда.
Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги республика ташкилотлари томонидан янги 2020-2021 ўқув йилига тайёргарлик бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Республика таълим маркази томонидан “Умумий ўрта таълим мактаблари учун 2020-2021-ўқув йилига мўлжалланган таянч ўқув режаси ишлаб чиқилиб, Халқ таълими вазирлигининг 52-сонли буйруғи асосида тасдиқланган. 2020-2021 ўқув йили учун 1-, 4-, 5-синфларнинг жами 558 номдаги дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар чоп этилиши режалаштирилган. Шундан:
· 346 номда - умумтаълим мактаблари учун;
· 160 номда - имконияти чекланган болалар учун;
· 52 номда - мультимедиа иловалари учун чоп этиш режалаштирилган.
Умумтаълим мактабларнинг 346 номдаги (27,3 млн.) дарсликларнинг 118 номдагиси (34,1%) оригинал макетлар ва 228 номдагиси (65,9%) таржима макетлар ҳисобланади. Бугунги кунда «Миллий ғоя», «Одобнома», «Динлар тарихи», «Ватан туйғуси» каби фанларни бирлаштирган ҳолда ягона «Тарбия» фани янгидан яратилди.
Бундан ташқари, жорий йилдан «Информатика» 5-, 8-, 9-синфлар учун, 4, 5-синфлар учун «Технология» 4-синф «Ўзбек тили», 10-11-синфлар учун «Она тили» ва «Ўзбек тили» ўқитувчилар учун методик қўлланмалар янгидан яратилмоқда.
Янги ўқув йилида таълим-тарбия сифатини янада ошириш юзасидан муҳим ва устувор йўналишларни белгилаб олиш мақсадида ўтказиладиган анъанавий Август кенгашлари ялпи ва шўба йиғилишлари мавзулари бўйича тақдимотлар тайёрланмоқда.
Август кенгашларида янги ўқув йилида фойдаланишга тавсия этиладиган ўқув дастурлар, қайта ва янгидан нашр этилган дарсликларни ўқитиш юзасидан методик тавсиялар берилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, онлайн дарслар ва умумтаълим мактабларидаги анъанавий дарслар учун фанлар ҳамда 1-11-синфлар кесимида намунавий тақвим-мавзу режалар ишлаб чиқилмоқда.
Халқ таълими соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази томонидан ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ўрта умумий ўрта таълим мактабларининг қурилиши ва куз-қиш мавсумига ва ўқув йилига тайёргарлигининг жорий ҳолатини онлайн тарзда кузатиб бориш имкониятини берувчи ахборот тизими stat.uzedu.uz веб-саҳифаси ишга туширилган. Унда республика, вилоят ва туманлар кесимида мактабларнинг мавсумга тайёргарлигини кўриш имконияти мавжуд.
Халқ таълими тизимидаги муассасаларини 2019-2021 йилларда (10 Мбит/с дан кам бўлмаган) юқори тезликдаги Интернет билан таъминлаш бўйича Йўл харитаси тасдиқланган. Унга асосан 2019 йилда 3772 та, 2020 йилда 6120 та, 2021 йилда 488 та муассасаларни юқори тезликдаги интернет тармоғига улаш ишлари амалга оширилади.
Умумтаълим муассасаларининг ўқув ва бошқарув жараёнини автоматлаштириш мақсадида, “Мактаб таълим жараёнини бошқаришнинг автоматлаштирилган дастурий тизими – xt.uzedu.uz” ва OPENEMIS ахборот тизими жорий этилди (emis.uzedu.uz).
Халқ таълими тизими корпоратив электрон кутубхона тизимини жорий этиш мақсадида ўрганишлар олиб борилди, 2018 йилнинг декабрь ҳолатига кўра, Вазирлик тизимида 396 та АРМ, 9685 та кутубхоналар, жами бўлиб 10081 та ахборот-кутубхона муассасалари фаолият кўрсатиб келмоқда.
Халқ таълими тизимида фаолият олиб боришни хоҳлаган тегишли мутахассисликка эга фуқаролар бўш иш ўринлари билан танишиш, ўз маълумотномаларини online тақдим қилиш мақсадида ish.uzedu.uz тизими яратилган. Унда бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотларнинг жамоатчиликка очиқ эълон қилиниши номзодлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиб, иш берувчиларга энг муносиб мутахассисни танлаш имконини беради.
Онлайн мактаб тизими яратилиб, online-maktab.uz манзилида жойлаштирилган. Тизимга 1-11-синфлари учун фанлар кесимида мавзулар жойлаштирилган ва унга ўқитувчилар томонидан ресурслар киритиш имконияти яратилган.
Айни кунда тизимда 1477 нафар ўқитувчилар, 190 нафар ўқувчилар рўйхатдан ўтган ҳамда 1-11-синфлари бўйича барча фанлардан мавзулар киритилган ва 3000га яқин таълим ресурслари жойлаштирилган.
Халқ таълими вазирлиги тизимида бугунги кунда жами 892 номдаги электрон ахборот-таълим ресурслари яратилган, тизим, видео ва аудиодарслар, интерактив ва анимацияли виртуал лаборатория ишлари ҳамда дарс ишланмалари, мультимедиа иловалар, тестлар, таълимий ўйинлар бошқа қўшимча таълим ресурсларини ўз ичига олади.
Умумтаълим мактабларида фойдаланилаётган дарслик ва методик қўлланмаларнинг барчаси вазирликнинг www.eduportal.uz ахборот-таълим порталига амалдаги 7 тилда тўла матнда жойлаштирилган.
Вазирликнинг нашр режасидаги 2020-2021 ўқув йилига таълим муассасалари учун 52 номдаги дарсликларнинг мультимедиа иловасини яратиш ва жами 238 542 дона диск шаклида кўпайтириш билан боғлиқ ишлар олиб борилмоқда.
А.Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтидаги амалий ишлар хусусида тўхталадиган бўлсак, Институтда 66 нафар профессор ўқитувчилардан 48 нафари институтда, 18 нафари уйдан туриб масофавий режимда ишламоқда.
@avl_e_lib телеграм каналида 86 та видеодарс, 86 та тақдимот жойлаштирилган. Профессор-ўқитувчиларнинг дарс самарадорлигини баҳолаш телеграм каналида онлайн сўровномалар ўтказиш бўйича аниқланмоқда (437 нафар респондентлар мавжуд).
Вилоят туман(шаҳар) марказларидан узоқда истиқомат килаётган онлайн машғулотларда иштирок этишда муаммоларга дуч келаётган таълим олувчилар учун карантин талабига қатъий риоя этиб онлайн (қўшимча оффлайн) машғулотда иштирок этишига шароит яратилган, бундан ташқари шаклда қуйидаги манзиллар орқали имкониятлар мавжуд. (http://avloniy.uz/ https://f.me/avloniy.uz/ https://t.me/avloniyuz ва https://t.me/maktabmenejeri)
Тошкентдаги ИНХА Университети билан ҳамкорликда тингловчиларини рўйхатга олиш, уларнинг билимини баҳолаш, фаолиятини мониторинг қилиш каби Автоматлаштирилган тизим яратилган. Жорий йилнинг июнь ойида 4 та йўналишда яъни 443 нафар умумтаълим мактаб директорлари; 26 нафар «Баркамол авлод» болалар мактаби директорлари; 25 нафар «Баркамол авлод» болалар мактаби директор ўринбосарлари; 25 нафар махсус мактаб интернатлари ўқитувчилари учун малака ошириш курслари онлайн шаклда амалга оширилди.