Шаҳрисабз шаҳрининг «Беруний» оромгоҳида “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” ҳамда буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур таваллудининг 686 йиллиги муносабати билан спартакиада баҳслари ўтказилди.
Унда корхона ва ташкилотларда фаолият кўрсатаётган ходимлар спортнинг етти тури бўйича беллашишди.
Маълумот учун, мазкур кенг қамровли мусобақа Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қашқадарё вилоят кенгаши томонидан ташкиллаштирилган.
Тадбирнинг биринчи кунида ўнта тармоқдан сараланган спортсевар меҳнаткашлар учун “Сумалак сайли” ҳам бўлиб ўтди.
Иккинчи кун эса беллашувга старт берилиб, тармоқлар терма жамоалари стол тенниси, шахмат, шашка, бадминтон, дартс, минифутбол, волейбол баҳслари бўйича ғолиблик учун курашди.
Ҳар бир спорт туридан юқори уч ўринни эгаллаганлар, шунингдек, “Энг ёши улуғ спортчи”, “Ғалабага бўлган интилиши учун”, “Энг маҳоратли ҳаваскор спортчи” номинациялари ғолиблари вилоят кенгашининг диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Беллашувнинг учинчи кун ҳам жуда қизғин онларга бой бўлди. Жумладан, спортсевар ходимлар, касаба уюшма фаоллари “Оқсарой” мажмуасига ташриф буюриб, соҳибқирон Амир Темур ҳайкал пойига гулчамбарлар қўйишди. Бундан ташқари, “Яшил макон” дастури доирасида мажмуа ҳудудига кўчатлар ўтқазилди. Меҳмонлар қадимий ва навқирон яшил шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилишди.

—Мусобақанинг тармоқлар ўртасида ўтгани спортнинг оммавийлигини оширишда муҳим рол ўйнади, —деди таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Қашқадарё вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Шодмон Кубаев.
— Чунки олдинги йиллардаги спартакиадаларда асосан туманлар терма жамоалари иштирок этишарди ва аксарият термалар таълим ва фан тармоғи вакилларидан ташкил топган бўларди. Бу гал тармоқлар беллашгани учун турли касб эгалари ўзаро мусобақалашди, қамров кенгайди.
Мусобақанинг Амир Темур таваллудининг 686 йиллиги олдидан ташкил этилгани аҳамиятли бўлди.
Спартакиада қатнашчилари бобомиз Амир Темурни ёдга олиб, Соҳибқирон қурдирган “Оқсарой”ни зиёрат қилди.
Хулоса қилиб айтганда, уч кун давомида ўтказилган баҳслар нафақат Амир Темур бобомизни ёд этишга, балки соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга ҳам хизмат қилди.
Акмал АБДИЕВ