Кенг қамровли тиббий кўрик ташкил этилди
Мирзаобод туманида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларни эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олиш мақсадида кенг қамровли бепул тиббий кўрик ташкил этилди. Унда 761 нафар фуқаро чуқурлаштирилган тиббий текширувдан ўтказилди.
Туманнинг «Элобод» маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган тиббий кўрикка вилоятнинг малакали мутахассислари жалб этилди. Фуқаролар хирург, травматолог, эндокринолог, кардиолог, онколог, гинеколог, педиатр ҳамда болалар невропатологи кўригидан ўтказилди.
Шунингдек, УЗИ текширувлари амалга оширилиб, ОИТС ва фтизиатрия марказларининг махсус автобус-лабораториялари орқали зарур тиббий таҳлил ва текширувлар ташкил этилди.

Кўрик давомида фуқароларнинг саломатлик ҳолати атрофлича ўрганилиб, аниқланган касалликлар ва хавф омилларидан келиб чиқиб, тегишли тиббий тавсиялар берилди.
Қўшимча текширув ёки стационар шароитда даволанишга эҳтиёж сезган фуқароларга белгиланган тартибда тиббиёт муассасаларига йўлланмалар расмийлаштирилди.

— Кенг қамровли тиббий кўрикларни ташкил этишдан асосий мақсад — аҳоли ўртасида касалликларни эрта аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва фуқароларга ўз вақтида малакали тиббий ёрдам кўрсатишдир. Айниқса, касалликларни дастлабки босқичда аниқлаш самарали даволаш ва оғир асоратларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.
Бугунги тиббий кўрикка турли йўналишлардаги малакали мутахассисларнинг жалб этилгани аҳоли учун қатор қулайликлар яратди. Муҳими, шу каби тадбирлар тиббий хизматни аҳолига янада яқинлаштириш, касалликларни барвақт аниқлаш ва фуқаролар саломатлигини мунтазам назорат қилиш имконини кенгайтирмоқда, — дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Анвар Собиров.

Энг муҳими, профилактик тиббий кўриклар касалликларни барвақт аниқлаш, уларни ўз вақтида даволаш ва оғир асоратларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири