Кемал Явуз Атаман билан ижодий учрашув
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ билан ҳамкорликда юртимиз ёшларининг туркиялик таниқли олим ва адиб, Сакария университети профессори, «Дўстлик» ордени соҳиби Кемал Явуз Атаман билан ижодий учрашуви бўлиб ўтди.
Маънавий-маърифий руҳда ташкил этилган тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги илмий-маърифий ҳамда адабий-маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ёшларни халқларимизнинг бой тарихи, миллий қадриятлари ва буюк мутафаккирларимизнинг илмий мероси билан яқиндан таништиришдан иборат.
Учрашувда устоз ижодкорларнинг маърузалари тингланди.
Кемал Явуз Атаман ҳуқуқшунос, сиёсатшунос, шарқшунос олим, адиб ва жамоат арбоби сифатида танилган. У глобаллашув, Мовароуннаҳр цивилизацияси, тасаввуф, навоийшунослик, туркий халқлар тарихи, маданияти ва цивилизациясига бағишланган кўплаб илмий тадқиқотлар муаллифидир.
Олим кўп йиллардан буён Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги илмий-маърифий ҳамкорликни ривожлантириш, ўзбек мутафаккирлари ва олимларининг илмий меросини турк тилига таржима қилиш ва нашр этиш, қўшма илмий анжуманлар ҳамда маданий лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этиб келмоқда.
Унинг «Мен таниган Ўзбекистон» номли асари мамлакатимиз тарихи, бой маданий мероси, миллий қадриятлари ва Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни хорижий аудиторияга танитишда муҳим аҳамиятга эга. Хорижлик олимнинг холис қарашлари асосида яратилган ушбу асар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шериклик, маданий дипломатия ҳамда маърифий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
[gallery-32599]
Учрашув давомида меҳмоннинг илмий ва ижодий фаолияти, Ўзбекистон ҳақидаги таассуротлари, икки халқнинг муштарак тарихи ва маънавий қадриятлари хусусида атрофлича фикр алмашилади. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, олимнинг ҳаётий тажрибаси ва илмий қарашлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.
Бундай маънавий-маърифий учрашувлар ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш, уларда илм-фан, адабиёт ва китобхонликка бўлган қизиқишни ошириш, шунингдек, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Н.Усмонова,
О.Пардаев (сурат), ЎзА