"Ўзатoм" агентлигида "Атом энергетикаси: манфаатдор томонлар билан биргаликда инфратузилмани яратиш" мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда "Ўзатoм" агентлиги мутахассислари, АЭС қурилиши дирекцияси ходимлари, хусусий сектор ва илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари иштирок этди.
Унда Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) эксперти, АҚШнинг ядро энергетикаси соҳасида манфаатдор томонлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Келли Барфилд ҳар бир давлат равнақи ва иқтисодий барқарорлигида атом энергетикасининг ўрнига алоҳида тўхталиб ўтди.

Муҳокамаларда ядро энергетикаси соҳасидаги миллий дастурларни амалга ошириш, манфаатдор томонлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда инфратузилмани ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мутахассислар фикрига кўра, атом энергетикасини ривожлантириш жараёнида инфратузилмани ҳамкорликда яратиш соҳанинг барқарор ва хавфсиз ривожланиши учун ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Бу, аввало, миллий ва халқаро манфаатдор томонлар ўртасида тажриба, технология ва ресурслар алмашинувини йўлга қўйиш, кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда илғор амалиётларни жорий этиш имконини беради. Шундай ҳамкорлик самарасида ядро энергетикасидаги лойиҳаларни амалга оширишда хавфсизлик стандартлари, экологик талаблар ва иқтисодий самарадорликка эришиш мумкин.
ХАЭА эксперти АҚШнинг илғор тажрибаси, амалиётда қўлланаётган самарали ечимлар ва атом саноатини ривожлантиришга манфаатдор томонларни жалб қилиш усулларига ҳам урғу берди.
– Энергия ҳамма нарсага "куч" беради. Киловаттлар орзуларни рўёбга чиқаради. Ишончли ва арзон электр энергияси бўлмаса, мамлакат иқтисодиётини олдинга силжита олмайсиз. Бу ҳар доим фундаментал бўлган. Биз ресурсларни бутун дунёдан оламиз. Шу боис, сизнинг, масалан, ХАЭА ёки Қўшма Штатлар каби ривожланаётган ишлаб чиқарувчи мамлакатлар билан ҳамкорлигингиз жуда муҳим, – дея таъкидлади Келли Барфилд.
Семинар сўнгида иштирокчилар АЭС хавфсизлигини таъминлашга қаратилган замонавий технологиялар ва электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг ошиб бориши шароитида атом энергетикасининг ижтимоий-иқтисодий истиқболларини муҳокама қилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА