Роботлар инсонлар томонидан яратилган ақлли машина ва қурилмалардир. Улар оддий ишлардан тортиб, мураккаб вазифаларгача бажара олади.
Масалан, уйда тозалаш роботлари, заводларда ишловчи саноат роботлари ва ҳатто касалхоналарда тиббий роботлар мавжуд.
Бугунги кунда роботлар ҳатто сунъий интеллект билан жиҳозланиб, мустақил қарор қабул қилиш қобилиятига эга бўлмоқда. Улар инсоният ҳаётини енгиллаштириб, ишлаб чиқариш ва хизмат соҳаларида янги имкониятлар очмоқда. Келгусида роботлар инсон билан ҳамкорликда ишлайдиган ва уйда дўст бўлиб хизмат қиладиган даражага етиши мумкин.
Хитойдаги ишлаб чиқариш корхоналарида роботлар сони жадал ортган. Халқаро робототехника федерацияси (IFR) маълумотларига кўра, Хитой саноат роботлари қўлланилиши бўйича дунёда етакчиликни бермай келмоқда. Хусусан, автомобиль саноатида роботлар қўлланиши 60% дан ошиб кетган.
Ресторан, меҳмонхона ва савдо марказларида робот-официантлар, робот-қўриқчилар кенг тарқалган. Масалан, Гуанчжоу ва Шанхайдаги айрим кафе ва тезкор овқатланиш нуқталарида мижозларга овқат етказиб берувчи роботлар хизмат қилади.
Пандемия даврида Хитой тиббиёт соҳасида роботлардан фойдаланди. Роботлар беморларни ташиш, дезинфекция қилиш, дори-дармон тарқатиш ва ҳатто масофавий операцияларда қўлланилди. Ўтган 2024 йилда Пекинда тиббий амалиётларни бажарадиган янги авлод роботлари синовдан ўтказилди.
Аграр соҳада ҳам робототехникадан фойдаланилиш кенг йўлга қўйилган. Масалан, автоматлаштирилган уруғ сепувчи дронлар, ҳосил йиғувчи роботлар ва ақлли сув бериш тизимлари қишлоқ хўжалигида иш унумдорлигини оширмоқда.
Бундан ташқари Хитой мудофаа соҳасида ҳам сунъий интеллект ва робототехникага катта эътибор қаратмоқда. Масалан, ҳайдовчисиз ҳарбий транспорт воситалари, дронлар ва робот-куртаклар (разведка қуроллари) ишлаб чиқилмоқда. Бу мамлакатнинг стратегик хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, “Beijing Innovation Center of Humanoid Robotics Co., Ltd”. – 2023 йил ноябрь ойида ташкил этилган бўлиб, Хитойда биринчи “тўлиқ цикл” (full-stack) технология компанияси ҳисобланади. Компания жисмоний ифодаланган сунъий интеллект (embodied intelligence) роботлари учун аппарат ва дастурий таъминот ишлаб чиқишга ихтисослашган. Унда дунё бўйича етакчи мутахассислар жамланган бўлиб, аппарат ва дастурий таъминотда тўлиқ имкониятларга эга. Компания томонидан тақдим этилган “Embodied Tien Kung 1.0 LITE” тўлиқ электрда ишлайдиган, тўлиқ миқёсдаги гуманоид робот дунёда биринчи марта одамга ўхшаш югуриш ҳаракатини амалга оширди.
2025 йил – “Tianyi 2.0” чиқарилди. У 35 эркинлик даражасига эга бўлиб, икки қўлда биргаликда ишлай олади. Навигация, қабул қилиш, хизмат кўрсатиш, объектларни ташиш каби вазифаларни бажаради. 2025 йил мартда “HuiSi KaiWu” номли жаҳондаги биринчи умумий жисмоний ифодаланган интеллект платформаси тақдим этилди. У роботларни турли турдаги ҳолат ва вазифаларга мослаштиради. Мазкур компания томонидан тайёрланган “Embodied Tien Kung” роботи дунё гуманоид роботлар ўйинларида 100 метр масофада биринчи ўринни, 400 ва 1500 метр масофаларда иккинчи ва учинчи ўринларни олди.
Хитойда ишлаб чиқарилаётган роботлар нафақат ички бозорда, балки халқаро миқёсда ҳам кенг тарқалган. Ўзбекистонда ҳам бу технологиялар сўнгги йилларда муайян тармоқларда қўлланила бошлади.
Хусусан, Тошкент, Навоий ва Ангрен каби саноат марказларида Хитой технологияси асосида ишлайдиган автоматлаштирилган станоклар ва роботлашган линиялар жорий этилмоқда. Бу, айниқса, автомобиль саноати ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида Хитой дронлари ва ақлли техникасидан фойдаланишга эътибор қаратмоқда. Пахта, ғалла ва боғдорчиликда уруғ сепувчи ва дори сепувчи дронлар ишлатилмоқда. Шунингдек, ҳосил йиғишда автоматлашган машиналар ҳам синовдан ўтказилмоқда.
Пандемияда Тошкент ва Самарқандда айрим тиббий муассасаларда ҳам Хитой роботлари синовдан ўтди. Улар дезинфекция, дори-дармон тарқатиш ва беморларга хизмат кўрсатишда самарали бўлди. Шу билан бирга, масофавий тиббий хизматларда ҳам Хитой технологиялари жорий этилмоқда.
Тошкентдаги айрим ресторан ва кўргазмаларда ҳам Хитой робот-официантлари ишлатилади. Улар мижозларга овқат етказиб бериш ва меҳмонларни қарши олиш вазифаларини бажармоқда. Туризм соҳасида эса робот-гидларни жорий этиш режалаштирилган.
<iframe width="64" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/-T2ViaKbeQo" title="Kelgusida robotlar insoniyatning eng yaqin do‘stiga aylanishi mumkin" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Тошқораева,
Искандар Исматов, ЎзА