Келгуси йилги ҳосил учун 300 минг тоннага яқин уруғлик ғалла жамғарилди
Маълумки, ғалладан юқори ҳосил олиш — сифатли, касалликка чидамли ва иқлимга мос уруғликни тўғри танлаш ҳамда экишга тайёрлашга боғлиқ. Буғдой уруғлигининг сифати соғлом ниҳоллар ўсиб чиқиши ва доннинг сифатли бўлишини таъминлайди.
Мамлакатимизда келгуси йил ҳосили учун сифатли уруғлик ғалла захирасини шакллантириш ишлари изчил давом эттирилмоқда ва уруғлик ғалла жамғариш кўрсаткичлари таҳлили ҳам ижобий натижаларни бермоқда.
Хусусан, Уруғчиликни ривожлантириш маркази маълумотига кўра, ўтган йилда 238 минг 788 тонна уруғлик ғалла жамғарилган бўлса, жорий йилда 265 минг 873 тонна уруғлик йиғилди. Жамғарилган уруғлик ғалла ҳажми ҳудудлар кесимида ҳам салмоқли кўрсаткичларни қайд этмоқда.
Ушбу кўрсаткичлар ҳудудларда келгуси мавсум учун зарур уруғлик базасини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар кўламини кўрсатади. Айни пайтда жамғарилган уруғлик ғаллани сифат кўрсаткичлари бўйича назоратдан ўтказиш, тозалаш, саралаш ва белгиланган тартибда сақлаш ишлари давом эттирилмоқда.
Келгуси йил ҳосили учун етарли миқдорда ва юқори сифатли уруғлик захирасининг шакллантирилиши ғаллачиликда барқарор ҳосилдорликни таъминлаш ҳамда фермер хўжаликларини сифатли уруғлик билан таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Гулноза Бобоева,ЎзА