Келажакни коррупциясиз қуришимизда, аввало, ўзимизни ўзимиз тарбия қилишимиз керак
Коррупция глобал муаммолар орасида тараққиёт учун энг хатарли иллатлардан бирига айланди.
Коррупция глобал муаммолар орасида тараққиёт учун энг хатарли иллатлардан бирига айланди.
Инсониятни ташвишга солаётган ушбу ижтимоий иллат жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Коррупция демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.
Ўзбекистонда коррупциянинг олдини олиш, фош этиш ва унга қарши курашиш борасида ташкилий-ҳуқуқий чоралар амалга оширилиб, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизми яратилди. Хусусан, 2017 йил 4 январдан Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”гиРрр Қонуни кучга киргани бу борадаги муҳим қадам бўлди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган мазкур қонун коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда муҳим ҳуқуқий асос яратди.
Бундан ташқари, Президентимизнинг 2019 йилнинг 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Мазкур Фармон коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорликда фаолият олиб боришини, жамоатчилик назоратини тартибга солишда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур ҳужжатда иқтисодиётни янада равнақ топтириш, халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда коррупция кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича янги тизимли чоралар кўрилишини таъминлаш алоҳида кўрсатиб ўтилган.
Мазкур фармон билан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш давлат сиёсатининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги асосий йўналишлари этиб белгиланган.
Ушбу Фармоннинг эътиборга молик жиҳатларидан бири бу — давлат органлари фаолиятининг очиқлигини ва ҳисобдорлигини таъминлаш, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини ошириш, давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши юзасидан масъулиятини кучайтиришга, коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат органларининг фаолияти юзасидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга оширишга қаратилганлигидир.
Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши жамиятда коррупция оқибатида туғиладиган муаммо ва таҳдидларга, мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш борасида, демократия, инсон ҳуқуқлари, ҳокимиятга ишонч, давлат бошқаруви, тенглик ва ижтимоий адолат принципларига, иқтисодиётда соғлом рақобатга жиддий хавф солиши ва иқтисодий ўсишга жиддий тўсқинлик қилиши каби ҳолатларга тўғри баҳо берилганини тасдиқлаб, коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизимини янада мустаҳкамлайди.
Фармонда қайд этилган вазифаларнинг тўлақонли ижро этилиши юртимизда коррупцияни батамом бартараф этишга хизмат қилади.
Мухтасар айтганда, ўзимизга хулоса қилишимиз, келажакни коррупциясиз биргаликда қуришимиз, бунинг учун аввало ўзимизни ўзимиз тарбия қилишимиз, коррупциянинг ҳар қандай кўринишини бартараф қилиш учун биргаликда курашишимиз зарур.
Нодирбек УСМОНОВ,
Наманган вилоят прокуратураси 11-бўлим прокурори,
3-даражали юрист