Келажакка бўй чўзган ўтмиш мероси
Давлатимиз раҳбарининг маънавий меросга таянган ҳолда юритаётган очиқлик сиёсати ва қатъияти тараққиёт сари одимлаётган Янги Ўзбекистон қиёфасини белгилаб бермоқда.
«Тинчлик ҳар қандай бойликдан устун», деган ҳикмат барча давр ва маданиятлар учун бирдек аҳамиятли ҳақиқат. Зеро, тинчлик ҳукм сурган жойда яратувчанлик, ҳамжиҳатлик ва тараққиёт учун мустаҳкам замин вужудга келади. Аксинча, осойишталик йўқ жойда эришилган энг катта ютуқлар ҳам ўз қадрини йўқотади.
Бугун Янги Ўзбекистонда тинчликпарварлик давлат сиёсатининг устувор тамойилига айланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида мамлакатимиз атрофида ўзаро ишонч ва манфаатли ҳамкорлик муҳити шаклланмоқда. Қўшни давлатлар, анъанавий шериклар ва янги бозорлар билан алоқалар изчил мустаҳкамланиб, аниқ манфаат ва умумий мақсадларга асосланган ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда.
Очиқлик сиёсати самаралари бугун нафақат дипломатик муносабатларда, балки иқтисодий соҳада ҳам яққол намоён бўлмоқда. Хорижий инвестициялар ҳажми изчил ошиб, савдо айланмаси кенгаймоқда, қўшма лойиҳалар сони тобора кўпайяпти. Бу эса Ўзбекистон атрофида барқарор ва ишончли ишбилармонлик муҳитини қарор топтирмоқда. Натижада сўнгги йилларда халқаро ҳамжамиятнинг Марказий Осиёга, айниқса, Ўзбекистонга қизиқиши сезиларли даражада ортди.
Ўзбекистон ташқи сиёсатида кузатилаётган бугунги юксалиш бежиз эмас. Бунинг замирида халқимизнинг асрлар давомида шаклланган бой тарихий тажрибаси, бағрикенг дунёқараши ва очиқ мулоқот маданияти мужассам. Дунё билан тенг ҳуқуқли муносабатлар ўрнатиш, ўзаро манфаатли савдо-сотиқни ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби тамойиллар халқимизнинг кўп асрлик маънавий мероси ва цивилизацион қадриятларидан озиқ олади.
Ноёб афзаллик
Мамлакатимиз дунёда кам учрайдиган афзалликларга эга. Ўзбекистон ҳудуди қадим-қадимдан, бир неча юзйилликлар давомида ғоялар, билимлар ва турли маҳсулотлар алмашиниб келинган марказда жойлашган. Буюк Ипак йўлининг чорраҳаси ва маркази бўлиб ҳисобланган шаҳарлар орқали ўтувчи йўналишлар бугунги кунда ҳам очиқлик рамзи, дея тан олинади. Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент сингари манзиллар турли цивилизацияларнинг ҳамкорлиги тажрибасига яққол мисол бўлгани ҳолда, айнан шундай руҳ билан суғорилган.
Давлатимиз раҳбарининг тарихий мерос ҳақида такрор-такрор гапириши бежиз эмас. Учинчи Ренессанс, деган ибора ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев туфайли ижтимоий-сиёсий доираларда муомалага кирди. Бундай кенг кўламли буюк ғояни янги авлодлар рўёбга чиқаради. Модомики, заминимизда аввал ҳам шундай кучли маданий-маърифий ҳодисалар рўй берган экан, тараққиётнинг янги босқичида ҳам уларга таянсак бўлади.






Мана шу фикрни англаб етиш жамиятимизнинг ички руҳиятини белгилайди. Тарих энди фақат йиллар ва воқеа-ҳодисалар йиғиндиси, кетма-кетлиги эмас, балки инсоннинг ўзига ишончи, илҳом манбаига айланди. Сўнгги йилларда амалга оширилаётган хайрли ташаббуслар айнан шу асосда рўёбга чиқмоқда. Шуниси муҳимки, улар тез суръатда ўзбекистонликларни қувонтирадиган, хорижий меҳмонларнинг ҳайратини оширадиган тарзда намоён бўлмоқда.
Янги мисоллардан бири — Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази. Уни бунёд этиш ҳақидаги ғоя Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юқори минбаридан туриб янграган ва минтақамиздан узоқ ўлкаларда ҳам қўллаб-қувватланган эди. Ушбу мега-лойиҳани амалга ошириш изчиллик билан, босқичма-босқич давом этди. Уни рўёбга чиқариш учун жалб этилган мутахассисларни санаб ўтишнинг ўзи қийин.
Натижада пойтахтнинг марказида, Ҳазрати Имом мажмуаси яқинида шундай макон пайдо бўлдики, у кўлами ва ғоясига кўра одатий музейлардан анча фарқ қилади. Деярли 10 гектарга яқин майдон ва 50 минг квадрат метр ҳудуддаги бинолардан иборат бу мажмуа турли тарихий даврларни акс эттирувчи экспозицияларни ўз ичига олди.
Охирги бир йилда марказ фонди бир ярим мингдан зиёд экспонат билан тўлдирилди. Улар орасида юзлаб қўлёзмалар, археологик топилмалар, тарихий хариталар бор. Чет эллик коллекция тўпловчилардан, аукционлардан сотиб олинган асл нусхадаги артефактлар мамлакатимизга қайтарилмоқда. Марказий залда Усмон Мусҳафи, яъни дунёдаги энг кўҳна Қуръонлардан бири жойлаштирилди. Унинг ёнида — турли даврларга тегишли ноёб қўлёзмалар. Мажмуа шундай зиёратгоҳга айландики, у ерда ўлкамизнинг буюк тарихи ва оламга машҳур шахсларнинг ҳаёти ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш мумкин.
Давлатимиз раҳбари марказга ташриф буюриб, у эл-юртимизга, жаҳон аҳлига ҳамиша беминнат хизмат қилиши ҳақида ўз фикрларини билдирди:
— Бугун ўзлигимизни англаш йўлида катта тантана бўлди. Минг шукрки, тўққиз йил давомида ният қилиб, изланиб, ҳаракат қилиб, халқимизнинг кимлигини, тарихимизни ҳаққоний акс эттирадиган мажмуани барпо этдик. Бу ерга келган ҳар бир инсон, айниқса, ёшларимиз, қандай аждодлар авлоди эканимизни билиши, англаши керак. Бу улкан лойиҳа оддий бир чизма эмас. Уни юрак чизган, меҳр чизган, орзу ва армонлар чизган. Қуръони карим сақланадиган муқаддас зал ҳам шунчаки яратилган эмас. У юракдан туғилган, халқимизнинг орзу-интилишлари ва буюклигини намоён этиш истагидан пайдо бўлган маскандир. Бу лойиҳа буюк халқимизнинг асл қиёфасини рўёбга чиқаришга қаратилган эзгу ниятлар маҳсулидир.
Германиянинг «Реисеблиcк» нашрининг «Дунёда ягона» деб номланган мақолада ёзилишича, марказ таълим ва динлараро мулоқот учун майдон бўлиб хизмат қилади. Бинонинг архитектураси тарихий анъаналар ва замонавий муҳандислик ечимларини ўзида мужассам этган.
Европалик журналистлар келтирган маълумотларга кўра, 2025 йилда Ўзбекистонга 12 миллионга яқин сайёҳлар ташриф буюрган. Бунда ўсиш 16 фоизни ташкил этган бўлса, сайёҳлик хизматлари экспорти 4,8 миллиард долларга етган. Нашрда эътироф этилганидек, бундай лойиҳалар Ўзбекистоннинг саёҳат учун энг истиқболли йўналишлардан бири сифатида танилишига хизмат қилади.
Анъаналарга садоқат ва миллий ўзлик
Айни пайтда Ўзбекистоннинг бой меросини ёрқин намоён этиш, зиёратгоҳларни обод қилиш ишлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида олиб борилмоқда. Жумладан, Самарқандда Имом Бухорий мажмуаси янгича мазмунда қайта шакллантирилиб, сезиларли даражада кенгайтирилди. Қарийб 45 гектар ҳудудда бир кунда 65 минг нафаргача зиёратчини қабул қилиш имконига эга инфратузилма яратилди, ҳолбуки, аввал бу кўрсаткич 12 мингдан ошмас эди.







Имом Бухорий ислом оламида алоҳида ўрин тутади. Унинг «Саҳиҳул Бухорий» номи билан машҳур асари энг нуфузли ҳадис тўпламларидан бири ҳисобланади. У йигирмадан ортиқ асар ёзган бўлиб, уларнинг аҳамияти бугунги кунда ҳам сақланиб қолмоқда.
Мажмуада буюк аждодимиз меросига муносиб ишлар амалга оширилди. Бу ерда ўн минг кишилик масжид, маъмурий бинолар, юздан ортиқ устунли айвон барпо этилди. Музейга алоҳида эътибор қаратилди. У тўққизта павильондан иборат бўлиб, уларда Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси намойиш этилган. Экспозицияларни янада тушунарли қилиш мақсадида замонавий технологиялардан фойдаланилмоқда.
Янгиланган мажмуанинг очилиш маросимида давлатимиз раҳбари бундай объектлар маърифатга хизмат қилиши ва ёшларга диннинг маънавий асосларини яхшироқ англашга ёрдам бериши лозимлигини таъкидлади.
— Ушбу бетакрор қурилиш янги Ўзбекистоннинг улкан имкониятларини яққол намоён этади. Зиёратгоҳ халқимиз учун, жаҳондаги барча мусулмонлар учун эзгулик ва маърифат нурини таратадиган қутлуғ масканга айланади деб ишонаман. Аминманки, бу даргоҳни зиёрат қилиб, унинг маънавий муҳитидан баҳраманд бўлган инсон, айниқса, ёшлар ислом динининг асл маъносини англаб етади, тўғри йўлдан адашмайди, — деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари Имом Бухорий мажмуасида маънавий-маърифий ишларни кенг йўлга қўйиш, уни ҳақиқий тарбия мактабига айлантириш, имом-хатиблар ва маҳалла фаоллари учун малака ошириш дастурларини кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Самарқанддаги мажмуа қисқа вақт ичида сайёҳлар учун албатта бориб кўрилиши лозим бўлган диққатга сазовор жойлар ҳақида маълумот берувчи кўплаб етакчи нашрлар эътиборига тушди. Британиянинг «Emergingtravel.news» портали ўз материалларида Имом Бухорий мажмуасининг қайта реконструкция қилингани ва сиғими 5 мартадан зиёд ошганига алоҳида эътибор қаратди. Таъкидланишича, кенг кўламли қайта қуриш ишлари натижасида зиёратчилар ва сайёҳларга қулай шароитлар яратилган. Мажмуада анъанавий меъморчилик ва рақамли экспонатлар ҳамда меҳмонхона инфратузилмасини ўз ичига олган замонавий ечимлар уйғунлаштирилган. Муаллифларнинг фикрича, Имом Бухорий мажмуаси чинакам маърифат масканига айланган.
Сўнгги вақтларда бундай лойиҳалар мамлакатимизнинг турли ҳудудларини безаб турибди. Самарқандда кўп функцияли «Ипак йўли» туристик мажмуаси сайёҳларни жалб этмоқда, қадимий Хоразм заминида «Арда Хива» халқаро маркази барпо этилди. Яқинда эса Марғилонда «Бурҳониддин Марғиноний» илмий-маърифий мажмуаси ташкил қилинди.




Марғилон — илму ҳунармандчилик билан боғлиқ кўп асрлик тарихга эга шаҳар гўё янги ҳаётбахш кучларга тўлгандек. Мажмуани очиш маросимида Президентимиз ушбу шаҳар қадимдан маърифатпарварлар замини деб ҳисобланганини эслатиб, янги лойиҳалар ана шу анъанани давом эттиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Миллий меъморчилик анъаналари асосида барпо этилган ва 35 гектар ҳудудни эгаллаган ноёб мажмуа Ислом ҳуқуқшунослиги институти, мақом театри, очиқ амфитеатр, ўлкашунослик музейи, адиблар ва санъаткорлар хиёбони, ҳунармандлар маркази, меҳмонхоналар ва хизмат кўрсатиш тармоқлари каби кўплаб бино ва иншоотлардан иборат. Буларнинг барчаси, аввало, аждодимиз Марғинонийнинг бой илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш, ҳудуднинг қадимий ҳунармандчилик анъаналарини сақлаш, зиёрат туризмини ривожлантиришга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари ушбу муҳташам иншоот Янги Ўзбекистоннинг ноёб обидалари қаторида муносиб ўрин эгаллаб, Фарғона вилоятининг «ташриф қоғоз»ларидан бирига айланишига ишонч билдирди. Шунингдек, айнан шундай маърифат, илм-фан ва билим марказларида орзу қилганимиздек янги Бухорий, Термизий, Фарғоний, Хоразмий ва Марғинонийлар авлодини тарбиялаб вояга етказишимиз мумкинлигини таъкидлади.
Илҳом бағишловчи ўзгаришлар манзарасидаги алоҳида ёрқин жиҳатлардан бири — Тошкентдаги Темурийлар тарихи давлат музейининг Соҳибқирон таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан реконструкция қилиниши бўлди.



.jpg)


Амир Темур шахсияти минтақа тарихини англашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб қолмоқда. Машҳур саркарда ва доно ҳукмдор қудратли давлат барпо этди, бошқарув асосларини яратди, илм-фан ва маданият ривожини қўллаб-қувватлади. Ўша давр меъморий ёдгорликлари ҳозиргача мамлакатимиз ва қатор бошқа давлатлар қиёфасини белгилаб турибди.
Соҳибқироннинг адолатни бошқарув тамойили сифатида улуғлаган доно васиятлари асрлар оша алоҳида қадр-қиммат касб этмоқда ва бугун муҳим йўл-йўриқ сифатида қабул қилинмоқда.
Янгиланган музейни кўздан кечириш чоғида Президентимиз Шавкат Мирзиёев асосий вазифа ушбу меросни жамиятга, айниқса, ёшларга етказиш эканини таъкидлади. Зеро, мамлакат тараққиёти учун зарур билимларни аждодлар тажрибасидан топиш мумкин ва буни одамларга етказиш муҳим.
Давлатимиз раҳбарининг бу фикри хорижда ҳам ижобий акс садо берди. Европанинг «EU Reflect» нашри Темурийлар меросига мурожаат қилиш миллий ўзликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши ва Ўзбекистонни бой тарих ҳамда ривожланаётган интеллектуал салоҳиятга эга мамлакат сифатида танитишини ёзди.
Барқарорлик макони
Мамлакатда рўй бераётган ўзгаришлар ҳақидаги мулоҳазаларни давом эттирар эканмиз, бу борада кўпинча эътибордан четда қолиб кетадиган бир жиҳатни тан олиш муҳим. Узоқ вақт давомида айнан иқтисодий кўрсаткичлар «устқурма»нинг қолган қисмини — ижтимоий тузилма, маданий муҳит, ҳатто одамларнинг кундалик хатти-ҳаракатларини шакллантиради, деб ҳисобланган. Бундай ёндашув соддадек туюлиши билан қулай бўлса-да, реал ҳаётда ҳар доим ҳам иш бермайди. Рақамлардан ташқарида жамиятнинг барқарорлигини белгилайдиган нарсалар бор. Улар қаторида қадриятлар, тарихий хотира, бағрикенглик ва очиқлик, шунингдек, билимларга муносабатни санаб ўтиш мумкин.
Сўнгги йиллар тажрибаси шуни кўрсатадики, бу омиллар иккиламчи эмас. Улар ҳар доим ҳам статистика билан ўлчанмайди, аммо ҳар доим ишонч даражасига, инвестиция муҳитига ва ҳамкорлик учун тайёрликка бевосита таъсир қилади. Бу, айниқса, Ўзбекистонда сезиларли.
Асрлар давомида ижтимоий анъаналарга сингиб кетган тинчликпарварлик ва мулоқотга содиқлик муҳим ресурсга айланиб бормоқда. Одатда, можароларга аралашмаган ва изчиллик билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга одатланган мамлакат бизнес учун хавфсиз макон сифатида қабул қилинади. Кўпинча маданий ўзига хослик сифатида эътироф этилган меҳмондўстлик аслида туризм ўсишининг омили бўлиб хизмат қилади. Қадимдан минтақага хос билимга чанқоқлик бугунги кунда технология, таълим ҳамда ИТ ва сунъий интеллект каби янги соҳаларга қизиқишда тобора кўпроқ намоён бўлмоқда.
Буни ташқи эътирофлар ҳам тасдиқлайди. Хорижий кузатувчиларнинг таъкидлашича, айнан тинчлик ва хавфсизлик ҳукмронлиги Ўзбекистонни, мажозий маънода, глобал тартибсизликларнинг нотинч океанида барқарорлик оролига айлантиради. Италиянинг «Il Giornale» газетасида «Ўзбекистон — Ғарб ва Шарқ ўртасида хавфсиз кўприк» номли мақолада ушбу хусусиятга эътибор қаратилади. Мақола муаллифи Нунция Паганининг ёзишича, Яқин Шарқдаги можаролар, Форс кўрфазидаги кескинликлар ва Россия — Украина инқирози фонида мамлакат геосиёсий истисно бўлиб кўринади, бир вақтнинг ўзида иқтисодий имкониятлари билан ром қилади. Унинг сўзларига кўра, расмий Тошкент аста-секин ўз атрофида таҳлилчилар «барқарорлик макони» деб атайдиган, у орқали авиация, логистика ва туризм йўналишлари ўтадиган ҳудудни шакллантирмоқда. «Мамлакат ҳарбий ҳаракатлар фронтидан четда, ички барқарорликка эга, Европа ва Осиё ўртасидаги табиий марказ сифатида мустаҳкамланмоқда», деб таъкидлайди муаллиф.
Журналист яна бир муҳим фикрни таъкидлайди. Ўзгариб бораётган глобал географияда тобора кўпроқ янги йўналишларни излаётган Европа мамлакатлари учун Ўзбекистон аввалги стереотиплардан холи равишда кўриб чиқишга арзийдиган танловга айланмоқда. Очиқлик ва барқарорлик алоҳида қийматга эга бўлган бугунги кунда мамлакат устунликка эга.
Бироқ глобал инқирозлар Ўзбекистонни четлаб ўтган, дейиш у қадар тўғри эмас. Мамлакат иқтисодиёти глобал жараёнларга интеграциялашган ва шу боис ташқи зарбалар муқаррар равишда унга таъсир қилади. Лекин кўрилаётган тезкор қарши чоралар таъсирни юмшатиш, барқарор суръатни сақлаб қолиш имконини беради.
Ҳайратланарли натижалар Самарқандда бўлиб ўтган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 59 йиллик йиғилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан эълон қилинди. Унинг нутқида эришилган ғалабали кўрсаткичлар ҳам, стратегик мезонлар ҳам баён қилинди.


.jpg)
.jpg)

Сўнгги йилларда иқтисодиётга тахминан 150 миллиард долларлик хорижий инвестициялар жалб қилинди. Минглаб янги корхоналар ишга туширилди ва электр энергияси ишлаб чиқариш сезиларли даражада ошди. Товарлар ва хизматлар экспорти уч карра ошди ва умумий иқтисодий маҳсулот ҳажми ҳам қарийб уч бараварга кўпайиб, 147 миллиард долларга етди. Бундай шароитда мазкур ўзгаришлар фақат макроиқтисодий соҳа билан чекланиб қолмагани эътиборли. Камбағаллик даражасининг қарийб 35 фоиздан 5,8 фоизгача пасайиши ва миллионлаб ўзбекистонликлар даромадларининг ошиши одамларнинг кундалик ҳаётига бевосита ижобий таъсир кўрсатадиган натижалардир.
Бир вақтнинг ўзида ташқи баҳолашлар ҳам яхшиланмоқда. 2020 йилдан бери Ўзбекистон ўзининг суверен кредит рейтингларини доимий равишда ошириб келмоқда. Мамлакат биринчи марта иқтисодий эркинлик индексида «мўътадил эркин» тоифасига кирди. Глобал беқарорлик шароитида ҳам биринчи чоракда ЯИМ ўсиши 8,7 фоизни ташкил этди.
Халқаро молия институтларининг муносабати, айниқса, диққатга сазовор. Осиё тараққиёт банки вакиллари вазиятни тўғри баҳолаб, инвесторларнинг мамлакат ҳақидаги тасаввурларида сезиларли ўзгаришларни қайд этмоқда. Самарқанддаги форумда сўзга чиққан ОТБнинг Хусусий сектор операциялари департаменти бош директори Изабель Чаттертон ислоҳотлар хавфлар балансини сезиларли даражада ўзгартирганини ва Ўзбекистонни янада тушунарли ва жозибадор бозорга айлантирганини таъкидлади. Мутахассиснинг сўзларига кўра, инвесторлар бу ерда тобора кўпроқ узоқ муддатли имкониятларни кўрмоқда. Гап алоҳида лойиҳалар ҳақида эмас, асосий эътибор энергетика каби барқарор портфелни яратишга қаратилаётир. Бундан ташқари, ҳатто денгизга чиқиш имконияти йўқлиги каби анъанавий чекловлар ҳам энди муҳим омиллар сифатида қабул қилинмайди.
«Умуман олганда, Ўзбекистон бўйича бизнинг прогнозимиз жуда ижобий. Биз мамлакатга инвестиция киритишдан жуда манфаатдормиз», деди Изабель Чаттертон.
Шунга ўхшаш эътирофлар Европа матбуотида ҳам ўз аксини топмоқда. Яна бир итальян нашри «Il Sole 24 Ore»да мамлакатимиз иқтисодиётидаги таркибий ўзгаришларга эътибор қаратилади. «Ўзбекистон хомашё иқтисодиётидан диверсификацияланган, тез ривожланаётган бозорга айланди. Хитой, Россия, Европа ва Яқин Шарқ ўртасидаги стратегик жойлашуви туфайли мамлакат Марказий Осиёнинг иқтисодий двигателига ва Европа мамлакатлари учун муҳим шерикка айланмоқда», дея ёзилади газетада.
Шубҳасиз, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар алоҳида ташаббуслар ёки қисқа муддатли лойиҳалар йиғиндиси эмас. Улар давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган ташқи очиқлик, иқтисодий янгиланиш ва миллий меросга таяниш тамойиллари ўзаро уйғунлашган яхлит тараққиёт стратегиясининг амалий ифодасидир.
Бу ёндашув чуқур таҳлил ва узоқни кўзлаган сиёсий тафаккур маҳсули. Унда келажакни аниқ мақсадлар асосида қуриш, халқимизнинг салоҳияти, меҳнаткашлиги ва бунёдкор кучига таяниш каби муҳим тамойиллар мужассам. Энг муҳими, ана шу изчиллик мамлакат ичида ҳам, халқаро ҳамкорлар ва инвесторлар ўртасида ҳам ишонч муҳитини мустаҳкамламоқда.
Янги Ўзбекистон айнан шу мустаҳкам мантиқий асос — прагматик ёндашув ва миллий қадриятларга садоқат уйғунлиги негизида барпо этилмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимизда кузатилаётган салмоқли иқтисодий ўсиш, халқаро нуфузнинг ортиши ва жамият ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар ана шу сиёсатнинг амалий самараси сифатида намоён бўлмоқда.
Қўлга киритилаётган ютуқлар, ҳар бир соҳадаги юксалиш, халқимизнинг миллий ғурури кўтарилиб, мамлакатимизнинг жаҳондаги обрў-эътибори ошаётгани кўнглимизни тўлқинлантираётгани шубҳасиз. Қувонч ва ҳаяжон, энг нафис, кўтаринки туйғулар эса илҳом булоқларини жўш урдириб, онгу тафаккурни яйратиб, яшнатиб, ижод чаманига ажиб гулдасталар ҳадя этади:
Ҳурлик мангу бўлар яшнаган юртда,
Гуллаган боғларнинг толеси сўлмас.
Одамлари гулгун яшаган юртда,
Мақсадлар улуғдир, истаклар сўнмас.
Орзулари қадар фалагидир у,
Оқил Юртбошимнинг тилагидир у!
Кимлардир бир четдан сўзлар, на чора,
Қалблари риёга, ҳасадга мойил.
Уларга қудратин этган ошкора,
Бунёдкор қўлларга офарин, қойил!
Дейман, эзгу ишлар айланса давом,
Кўнгилни безайди яна хуш калом.
Қўллаб турар пиру авлиёларим,
Ўтган ҳар бир куним тарих, ғанимат.
Тинчлик — тожу тахтим, ободлик — зарим,
Келажак чорлайди олдинда фақат —
Элим, улуғ йўлинг этсин бардавом,
Муроду мақсадинг ёр бўлсин мудом.
Ўткир РАҲМАТ.