Келажак автомобили: “Zeekr” саноатни янги босқичга олиб чиқмоқда
ШҲТ доирасида ўтказилаётган “Яшил ва барқарор ривожланиш” форуми давомида иштирокчилар Нинбо шаҳридаги Мэйшань оролида жойлашган “Zeekr Smart Factory Meishan” корхонаси фаолияти билан танишди.
Замонавий саноатнинг энг илғор намуналаридан ҳисобланган, 120 гектардан зиёд ҳудудни эгаллаган мазкур завод йилига 300 000 автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга. Ушбу мажмуа дунёдаги илк “келажак заводлари”дан бири сифатида тўлиқ 3D рақамли технология асосида лойиҳалаштирилгани билан ажралиб туради.

Меҳмонлар эътиборига ҳавола этилган кўргазма залида “яшил ишлаб чиқариш”га оид инновацион ечимлар – чиқиндидан иссиқлик ҳосил қилиш, ёмғир сувини қайта ишлаш, қуёш энергиясидан фойдаланиш тажрибаси намойиш этилди.
Корхонада сунъий интеллект, саноат интернети ва ҳадсиз маълумотлар чуқур интеграция қилинган. 2000 дан кўп рақамли ускуна орқали ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ рақамлаштирилган. Натижада самарадорлик ошиб, сифатни назорат қилиш, жараённи шаффоф бошқариш имкони пайдо бўлган.

Айниқса, “Рақамли эгизак” – “Digital twin” технологияси ва махсус буюртма асосида ишлаб чиқариш (C2M) тизими замонавий машинасозликда янги босқич, дейиш мумкин. Ҳудудда 800 вольтли платформа, юқори самарадор моторлар, замонавий аккумуляторлар ва хавфсизлик тизими каби илғор ечимлар ҳам жорий этилган.
120 000 квадрат метр майдонни эгаллаган, энг мураккаб ва муҳим босқич ҳисобланган йиғиш цехида эса бир йўла 5 хил русумдаги машиналартайёрланади. Тўлиқ автоматлаштирилган бу бўлим ҳам мослашувчан ва мукаммал назорат қилинадиган тизим асосида ишлайди.

2025 йил “Миллий яшил завод” мақомини олгани мажмуа экология стандартига жавоб беришини тасдиқлайди.
Хуллас, ушбу завод саноатда рақамлаштириш, экологик ёндашув ва инновацияни уйғунлаштириш орқали юқори самарадорликка эришиш мумкинлигини яққол намоён этади. Бошқача айтганда, “Zeekr” тажрибаси келажак саноати ҳақида аниқ тасаввур бера олади.


Мусулмон Зиё, ЎзА
Нинбо, Хитой