Келажак АТ мутахассислари катта ҳаёт сари қадам қўйди
Ёшларга қаратилаётган эътибор уларнинг келажагига бўлган юксак ишонч ва ғамхўрликнинг яна бир ифодаси бўлмоқда.
Ана шундай эътиборнинг амалий намунаси сифатида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида бакалавриат босқичи битирувчиларини тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, соҳа корхоналари ва ташкилотлари раҳбарлари, университетнинг фахрий профессор-ўқитувчилари, битирувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Маросимда сўзга чиққан меҳмонлар университетни муваффақиятли тамомлаган ёшларни самимий қутлаб, бугунги кун уларнинг ҳаётидаги энг муҳим ва масъулиятли босқичлардан бири эканини таъкидлади. Қайд этилганидек, бугун ёшларга берилаётган имконият ва эътибор уларнинг эртанги кунига бўлган катта ишончдан далолат беради.

Айниқса, вазирнинг шахсан битирувчиларни табриклаш ва кузатув маросимида иштирок этиши давлат томонидан ёш кадрлар келажагига қаратилаётган юксак эътиборнинг ёрқин намунаси сифатида эътироф этилди.

Шерзод Шерматов ўз нутқида битирувчиларга келгусидаги касбий фаолиятида улкан зафарлар, доимий изланиш ва янги марраларни забт этишни тилаб, ўз билим ва салоҳиятини юрт тараққиёти йўлида самарали сафарбар этишга чақирди.
Тадбир якунида битирувчиларга эсдалик ёрлиқлари тантанали равишда топширилди. Таъкидланганидек, университетда олинган билим ва орттирилган тажриба уларнинг катта ҳаёт сари қўяётган илк қадамларида мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА